Театрнинг ибрати бебаҳо, биз ундан оқилона фойдаланяпмизми?

Бир қатор ижодий идоралар ҳамкорлигида Тошкент шаҳрида ўтказилган анжуманда ана шу ҳақда фикр юритилди.
Ўзбекистон театр арбоблари уюшмаси мутахассиси Ойбек Кападзе бошқарган даврада Ўзбекистон Президентининг ўтган йили «Театрларнинг жамият маданий ҳаётидаги аҳамиятини ошириш ва улар фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан мулоҳазалар билдирилди. Хусусан, театр арбоблари уюшмаси ҳузурида «Театр танқидчилари ва драматурглар» клуби фаолиятини йўлга қўйишга келишиб олинди. Клубга Ўзбекистон халқ шоири, драматург Усмон Азим раҳбарлик қиладиган бўлди.
Сўзга чиққанлар бугунги кунда республикада театрлар фаолиятини жонлантириш жуда катта аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади. Хусусан, вилоятлар театрлари репертуарларини бойитиш, асар муаллифи, режиссёри ва санъаткорларни рағбатлантириб бориш бу соҳадаги қилинадиган долзарб ишлардир. Президент қарори асосида драматурглар учун қалам ҳақи ва бошқа мукофотларни қонун асосида ташкил этиш йўлга қўйилган бўлса-да, ҳали кўп вилоятларда бу ишга киришилмаган. Бош режиссёрлар қўнимсизлиги сабаби уларга эркинлик берилмаётгани сифатида кўрсатилди.
Таниқли драматург Ҳайитмат Расул театр томошаси, телевидение ва ижтимоий тармоқдаги маиший мавзуларда берилаётган лавҳалардан бошқача бўлиши, унда давр ғояси, инсоннинг катта мақсадлари, ана шу мақсад йўлидаги ютуқ ва камчиликлари самимий, табиий равишда очиб берилиши зарурлигини таъкидлади. Ана шундай асарларни ёзган, саҳналаштирган, ролларни қойилмақом ижро этган барча ижодкорлар ўз вақтида муносиб рағбатлантирилиши зарур, деди отахон ҳамкасбимиз.
Олимлар, журналистлар, нафақат Тошкентда, вилоят марказларида ҳам ёш драматурглар, режиссёрлар билан мулоқотларни кўпайтириш, маҳаллий газеталарда театрлар ҳақида мақолалар ва тақризларни мунтазам бериб бориш зарурлигини таъкидлашди. Назаримда, ҳар йили энг яхши драмалар тўпламларини ҳам чоп этиб бориш яхши самара беради.
Анжуманда бу ижодий клубнинг низоми тасдиқланди. Унга кўра, клуб фаолиятини Маданият вазирлиги, Театр арбоблар уюшмаси, Ёзувчилар уюшмаси, Санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш палатаси ҳамкорликда уюштирадилар ва қўллаб-қувватлайдилар.
Фармон Тошев.