304 қути сигарет маҳсулотларини ноқонуний олиб ўтаётган шахс аниқланди

Самарқанд халқаро аэропортига “Сиан-Самарқанд” авиарейси билан учиб келган йўловчи ихтиёрий равишда “яшил” йўлак орқали божхона назоратидан ўтаётганда, унга тегишли бўлган багаж ва қўл юклар божхоначиларнинг эътиборини тортди.

Ходимлар йўловчини “қизил” йўлакка йўналтириб, унинг юкларини кўздан кечиришди. Сумка ичидан йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган ҳамда божсиз олиб кириш меъёридан ортиқча, қиймати 30,4 миллион сўмлик 304 қути сигарет маҳсулотлари борлиги аниқланди.

Мазкур товарлар вақтинча сақловга олиниб, ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, амалдаги қонунчиликка кўра, жисмоний шахслар божхона чегараси орқали божхона тўловларисиз умумий миқдори 200 дона сигаретлар олиб киришлари мумкин.

Божхона бошқармаси ахборот хизмати.