4-синф ўқувчисини урган директор ўринбосари ишдан бўшатилди

Ижтимоий тармоқларда Оқдарё туманида директор ўринбосари 4-синф ўқувчиси бўлган 10 ёшли болани калтаклагани айтилган видео тарқалди.

Ҳолатга вилоят халқ таълими бошқармаси муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, мазкур ҳолат Оқдарё туманидаги 53-мактабда содир бўлган. Бундан икки ҳафта олдин 53-мактабнинг 4-В синфида ўқиётган Н.Б.га мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари М.В. қўл кўтарган.

Мазкур ҳодиса юзасидан вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари О.Жангиров, туман ХТБ мудири С.Ортиқова ва бошқа масъуллар ушбу ҳолат бўйича ўрганиш ва тушунтириш ишларини олиб борган.

Ўрганиш якунида 53-мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари М.В.нинг 4-синф ўқувчисини калтаклагани ўз исботини топган. Шундан сўнг М.Б.га нисбатан интизомий чора қўлланиб, у ўз вазифасидан озод қилинган.

Шунингдек, бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида мактаб жамоаси иштирокида тушунтириш ишлари олиб борилган.