81,2 тонна бензин ва солярка сифати давлат стандартига мос келмади
Гап шундаки, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 июндаги “Нефть-газ тармоғида лицензиялаш тартиботларини қисқартириш ва соддалаштириш, шунингдек, бизнесни юритишни яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра қабул қилинган Низом талабларига асосан вилоятимиз ҳудудида жойлашган АЁҚШлар мижозларга сифатли маҳсулот етказиб бериши ва талаб даражасида хизмат кўрсатиши белгиланган. Бу ҳолатни назорат қилиш эса ҳудудий бўлимимиз зиммасига юклатилган.
Шунга кўра, бўлимимизнинг кимё-назорат лабораториясида шу йилнинг январь-август ойларида 400 дан ортиқ АЁҚШдаги нефть маҳсулотларидан белгиланган тартибда намуналар олинди. Оқибатда 18 ҳолатда бу маҳсулотларнинг 81 минг 200 литри давлат стандарти талабларига мос келмаслиги аниқланди.
Жумладан, Каттақўрғон шаҳридаги “Klassik Motors” МЧЖга қарашли нефтни қайта ишлаш корхонаси, “Original Farovon Diyor”, “Sokol”, “Aqrab” ҳамда Самарқанд шаҳридаги “Eko Standart Servis” МЧЖларга қарашли АЁҚШларда сотилаётган сифатсиз нефть маҳсулотлари аниқланди. Бу бўйича корхона раҳбарларига тақдимнома киритилди.
Аниқланган бензин, солярка каби нефть маҳсулотлари сифати тиклангунга қадар уни истеъмолчиларга етказиб бериш тўхтатилди ва сифат таъминлангандан кейингина қайта сотувга чиқарилишига рухсат берилди.
Икром Махсумов,
“Ўзнефтгазинспекция” Самарқанд ҳудудий бўлими бошлиғи.