88 294 нафар ишсиз аёлнинг бандлиги таъминланади
“Хотин-қизларни иш билан таъминлаш, улар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Ҳукумат қарори қабул қилинди (919-сон, 20.11.2019 й.). Бу ҳақда Адлия вазирлигининг "Ҳуқуқий ахборот" каналида маълум қилинди.
Қарорга кўра, Президентнинг 5 та муҳим ташаббуси доирасида хотин-қизларни иш билан таъминлаш ва улар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш тизими янада такомиллаштирилади.
Шунга кўра, қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:
- 2019 йилда ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастури;
- 2019 йилда Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ва ўз маблағлари ҳисобидан тадбиркорлигини ташкил этадиган хотин-қизларнинг туман (шаҳар) кесимидаги асосий параметрлари.
Қарор билан тасдиқланган чора-тадбирлар дастурига мувофиқ жорий йилда ҳудудий инвестиция дастурлари доирасидаги лойиҳаларни амалга ошириш орқали жами 88 минг 294 нафар ишсиз хотин-қизларнинг бандлиги таъминланади.
Шунингдек, хотин-қизлар қўмиталарининг тавсияномаси асосида 3 минг 112 нафар хотин-қизларга 85 миллиард 500 миллион сўмлик кредитлар ажратилишига кўмаклашиш ҳам назарда тутилган.
“Миллий қадрият, анъана ва урф-одат” республика ҳунарманд хотин-қизларининг кўргазмаси ташкил этилади.