9 ой олдин ўғриликни содир этган қидирувдаги аёл ушланди

2020 йилнинг 19 январь куни соат 12:42 дан 12:46 гача бўлган вақт оралиғида номаълум шахс ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида Тошкент шаҳри Юнусобод тумани Аваз Ўтар кўчасида жойлашган уйларнинг бирига кириш эшиги очиқлигидан фойдаланиб, уйга ғайриқонуний равишда кириб, 28 ёшли М.Д.га (аёл) тегишли бўлган, нархи 33.379.906 сўм бўлган турли хил аёллар тақинчоқларини ўғирлаб, ҳодиса жойидан яширинган.

Юнусобод тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан номаълум ўғирлик қилган шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “б,г” бандлари (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги тергов департаментининг хабар беришича, ўтказилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида мазкур жиноятни 37 ёшли Х.С. (аёл) содир этганлиги аниқланган ва жиноят ишида айбланувчи тариқасида жалб қилиниб, унга нисбатан “шахсий кафиллик” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.