9 ойда 170 га яқин маҳалла ўз хизмат биносига эга бўлди

Бу ҳақда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлимининг 9 ой давомида амалга оширилган ишлари ҳамда фуқаролар йиғинларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар муҳокамасига бағишланган йиғилишида айтилди.

Тадбирда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Самарқанд вилоят бўлими ҳамда туман, шаҳар бўлинмалари томонидан 2022 йил давомида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди. Таъкидланишича, байрамларда 1000 дан ортиқ оилага озиқ-овқат маҳсулотлари, 150 нафар оиланинг яшаш шароитини яхшилаш, уй-жойларини таъмирлаш ва соғликларини тиклаш мақсадида 250 миллион сўмга яқин бир марталик беғараз моддий ёрдам, ёнғиндан жабр кўрган оилаларга қурилиш моллари ва 57,5 млн сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам, “Темир дафтар”да турган оилаларнинг 6000 га яқин фарзандларига мактаб формалари олиб берилди.

“Саховат ва кўмак” жамғармаси томонидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари қарорларига асосан “Темир дафтар” рўйхатида турган 20864 нафардан ортиқ фуқароларнинг муаммолари ижобий ҳал этилди.

Йиғилишда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан жорий йилнинг ўтган 9 ой давомида амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди, тизимда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш чораларини кўриш бўйича режалар белгиланди.

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Самарқанд вилоят бўлими бошқаруви ахборот хизмати.