Абдурауф Фитрат аслида 1938 йил 4 октябрь куни отилган, аммо 5 октябрь куни “учлик” томонидан ҳукм чиқарилган эди
Абдурауф Фитрат 1917-1918 йилларда “Ҳуррият” (ҳозирги “Зарафшон”) газетасига муҳаррирлик қилган журналист, ёзувчи сифатида ўз даврининг ҳам сиёсий арбоб, ҳам ижодкорлик жиҳатдан фаол аъзоси сифатида тарихга кирган.
Фитрат 1886 йил Бухоро шаҳрида туғилган. Бухородаги Мир Араб мадрасасида, кейинчалик Туркияга бориб, Истанбулдаги “Дор ул-муаллимин”да таҳсил олади. Сўнгра ўзига Фитрат (“Чўғдон”) тахаллусини қўйиб, бадиий ижодга шўнғийди. У “Ёш турклар” ҳаракати таъсирида Туркиядаги бухоролик ёшлар ёрдамида “Бухоро таълими маориф жамияти”ни тузади. 1909 йил Истанбулда унинг форс тилида “Мунозара”, “Сайҳа” (“Наъра”) шеърий мажмуаси, 1912 йил эса “Сайёҳи ҳинди” (“Баёноти сайёқи ҳинди”) асарлари нашр этилади.
Абдурауф Фитрат 1913 йил Бухорога келиб Шаҳрисабз ва Каркида янги мактаблар очади. 1915 йилдан “Ёш бухороликлар”нинг Абдувоҳид Бурҳонов бошчилик ўнглардан Фитрат раҳбарлигидаги сўллар ажралиб, улар сиёсий талаблар билан чиқади. 1917 йил февраль инқилобидан сўнг “Ёш бухороликлар” инқилобий партияси Марказий Қўмитасига Абдувоҳид Бурхонов раис, Абдурауф Фитрат саркотиб бўлиб иш бошлайди. Аммо 1917 йил 7 апрелда улар амир таъқибига учрайди.
Шундан сўнг Фитрат Самарқандга келиб, “Ҳуррият” (ҳозирги “Зарафшон”) газетасига муҳаррирлик қилди. Газета таҳрир ҳайъатида Ҳожи Мўйин, Саид Ризо Ализода ишлайди. Шунингдек, Беҳбудий, Сиддиқий, Ҳалимий, Муҳаммадий, Ҳўқандбой, Мулла Иброҳим ва Рожийлар долзарб мавзуларда мақолалар ёзиб туради. Ўзи муҳаррир сифатида сиёсий, ижтимоий мавзуларда туркум мақолалар ёзиб, чоп эттиради.
1917 й. ноябрь ойида Қўқон мухторияти тузилганда Фитрат унга вакил қилиб сайланади. “Ҳуррият” газетасида бу воқеани юрақдан қувватлаб мақола эълон қилади: “Эллик йилдан бери эзилдик, таҳқир этилдик. Қўлимиз боғланди, тилимиз кесилди. Оғзимиз қопланди. Еримиз босилди. Молимиз таланди, шарафимиз емрулди. Номусимиз ғасб қилинди, инсонлигимиз оёқлар остига олинди. Тўзимли турдик. Сабр этдик. Кучга таянган ҳар буйруққа бўйсундик. Бутун борлиғимизни қўлдан бердик. Ёлғиз бир фикрни бермадук, ёшунтирдук, имонларимизга ўраб сақладук. Бу – Туркистон мухторияти.
Маҳкама эшикларидан йиғлаб қайтганда, ёруқсиз турмаларда ётганда, йиртқич жандарманинг тепкиси билан йиқилғонда, юртларимиз ёндурулғонда, диндошларимиз осулғонда онгимиз йўқолди. Миямиз бузулди. Кўзимиз ёғдусиз қолди. Бирор нарсани кўролмадик. Шул чоғда тушкун руҳимизни кўтармак учун, шул қоп-қора дунёнинг узоқ бир еридин ойдин бир юлдуз ялқиллаб турар эди. Бирор нарсага ўтмаган кўзимиз шуни кўрар эди. Ул нима эди? Туркистон мухторияти!” (“Ҳуррият”, 1917 йил 5 декабр).
Газета 500-1000 нусха орасида босилади. Жадидлар томонидан ташкил этилган «Зарафшон» ширкати китобхонасининг аксарият сармояси газетани чоп этишга сарф қилинади.
Абдурауф Фитрат 1918 йил – “Ҳуррият”нинг 87-сонигача муҳаррирлик қилади. Бу даврда газета саҳифаларида ўзгараётган дунё, Самарқанднинг довруғи, матбуотнинг жамиятдаги дадил сўзи, таъсири, оддий меҳнаткашлар ҳаёти ва уларнинг маиший муаммолари ҳақида мақолалар босилади.
Фитрат 1918 йилда Тошкентга кетади ва 1919 йилда Афғонистоннинг Тошкентдаги ваколатхонасида таржимонлик қилади. «Иштирокиюн» газетасида “Тилимиз” мақоласини ёзиб, ўзбек тилининг софлиги учун курашади, янги илмий-ижтимоий терминларни туркий ўзак асосида яратиш ишига киришади. Шу билан бирга “Чиғатой гурунги” номли маърифий-адабий уюшмаси очиб, миллий театр ривожига эътибор қаратади. Маннон Уйғур унинг “Ўғизхон”, “Чин севиш”, “Ҳинд ихтилолчилари” каби асарларини саҳналаштиради.
Бухоро халқ социалистик республикаси ташкил этилгач, Абдурауф Фитрат 1921 йилда Бухорога қайтиб, маориф нозири, сўнгра хорижия-ташқи ишлар нозири бўлади. Кейинчалик Халқ хўжалиги кенгаши раиси, МИҚ ва Халқ нозирлари шўроси раисининг ўринбосари лавозимларда хизмат қилади. У Бухорода “Тонг” журналини ташкил этиб, ёш зиёлилар авлодини миллатпарварлик ва ватанпарварлик руҳида тарбиялайди. “Тонг” журналининг шиори бўлган: “Мия ўзгармагунча бошқа ўзгаришлар негиз тутмас!” сўзлари Фитратнинг шу йилларда олиб борган фаолиятининг мақсад-моҳиятини тўла ифодалаган. Шу даврда БХСР маблағи ҳисобига 70 нафардан ортиқ туркистонлик истиқболли ёшларнинг Германияга бориб ўқиши, Бухорода Шарқ мусиқа мактабининг ташкил этилиши, фан ва маданият тарихига доир халқ қўлида сочилиб ётган ноёб қўлёзмаларни тўплашда ташаббускор бўлади. Фитратнинг саъй-ҳаракати билан Бухоро жумҳуриятида турк (ўзбек) тили давлат тили деб эълон қилинади.
1935 йил 5 май куни НКВД томонидан унинг уйида тинтув ўтказилиб, Афғон элчилиги таклифи билан ёзилган “Йиллик тақвим” асари ва бошқа илмий изланишларини олиб кетилади. Фитрат ҳибсга олингунига қадар Самарқанддаги олий педагогика институти ҳамда Тошкентдаги Тил ва адабиёт институтида илмий фаолият олиб боради. Фаолияти давомида у давлат ва жамоат арбоби, ёзувчи, тарихчи, адабиётшунос, тилшунос, санъатшунос ва сиёсатшунос олим бўлган ва биринчи ўзбек профессори сифатида тарихимизга кирган.
1937 йил 24 апрель куни ҳибсга олинади. 1937 йил 5 август куни дастлабки сўроқдан сўнг унга ЎзССР ЖКнинг 66-, 67-моддаларини қўллаб жиноят иши очади. 1937 йил 10 августда Чўлпон Фитрат ҳақида судда гувоҳлик бериб, уни 1913–1914 йиллардан “Ойна” журналидаги мақолалари орқали танишлигини, 1914 йил ўзи ёзган рус-турк урушлари мавзусидаги саҳна асарида ҳаваскор актёр бўлиб Бухоро қушбеги ролини ўйнагани ва халқ ичида “қушбеги” номи билан довруғ қозонганини айтади. Айниқса, журналист, муҳаррир, ёзувчи сифатида ўткир қалам соҳиби бўлганини айтиб, 1917 йилда Самарқандда “Ҳуррият” газетасида муҳаррирлиги чоғида шеърларини чоп эттирганини эътироф этади.
Айрим манбаларда ёзилишича, Фитрат “иш”и 1938 йил 5 октябрь куни соат 12:25-12:40 гача машъум “учлик” томонидан кўрилган ва у охирги сўзида ҳаётини сақлаб қолишларини сўраган эмиш. Аммо ҳақиқат бундай эмас: у бир кун аввал - 4 октябрь куни отилган эди...
Баҳром ИРЗАЕВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори.
***
Суратда: Абдурауф Фитрат дўсти, шоир Элбек билан. 1930 йиллар.