Адабиётшунос олим, журналист, тарихчи Поён Равшанов вафот этди

Журналистика, ўзбек адабиёти ва тарихчилиги, хусусан, Амир Темур шахсияти ва давлатчилиги тарихини изчил тадқиқ этишга муносиб ҳисса қўшган, миллий тарихимизга оид кўплаб бадиий асарлар муаллифи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Поён Равшанов вафот этди.

Поён Равшанов 1941 йилда Қамаши туманидаги Катта Дўстберди қишлоғида туғилди. Ўрта мактабни тугаллаб, 1958 йилда Самарқанд давлат университетининг филология факультетига ўқишга кириб, 1963 йилда дорилфунунни имтиёзли диплом билан тамомлади.

П.Равшанов илк иш фаолиятини вилоят "Ленин йўли" (ҳозирги "Зарафшон") газетасида адабий ходимликдан бошлади. Поён ака таҳририятда бир йилдан зиёд ишлаб, ўткир мақолалар ёзди, муштарийлар эътиборига тушди ва жамоада ўз ҳурматига сазовор бўлди.

1964 йилда туғилган қишлоғига қайтиб, Қарши давлат педагогика институтида фаолият бошлади. Олим шу пайтга қадар ушбу даргоҳда баракали меҳнат қилди.

Поён Равшанов чорак асрдан ортиқ вақт давомида Насаф ва Кеш (Шаҳрисабз) узоқ ўтмишида шаклланган адабий ҳаёт тарихини тадқиқ этган адабиётшунос олимдир. У Қашқадарё тарихига, маданияти, илм-фани ва адабий муҳитига доир бир қатор мақолалар, рисолалар муаллифи. Олимнинг «Адабий саҳифалар», «Тарих бадиияти», «Адабиёт ва таълим», «Қашқадарё тарихи (энг қадимги даврлардан ХIХ аср II ярмига қадар)» каби китобларида Қашқадарё воҳасининг тарихи ва маданий ҳаёти ўтмиши ёритилган.

Поён Равшановнинг «Алишер Навоий шажараси», «Амир Темур муҳри» туркум мақолалари ҳам ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотган эди. Шунингдек, олимнинг бир нечта тарихга оид китоблари, жумладан, «Туркий қавмлар тарихи», «Саиднаби Қоровулбеги», «Завол», «Соҳибқирон туғилган жой ёхуд Занжирсарой қиссаси», «Ўзбекистоннинг янги тарихи» (ҳам муаллифликда) сингари асарларни чоп этилган.

«Зарафшон» ва "Самаркандский вестник" газеталари бирлашган таҳририяти жамоаси газетанинг собиқ ходими Поён Равшановнинг оиласига ҳамдардлик билдиради.