Адлия - кеча ва бугун: Собиқ иттифоқ давридаги тизим билан бугунги адлия идоралари ўртасида қандай фарқ бор?

Кейинги 30 йилда инсон қадр-қиммати, шаъни, ҳуқуқ ҳамда эркинликлари дахлсизлигини кафолатлашга қаратилган қонунчилигимиз умуминсоний тамойиллар ва миллий қадриятлар асосида ривожланди. Бунга мос тарзда адлия органлари ҳамда муассасалари фаолиятида ҳам муҳим ўзгариш ва янгиланишлар рўй берди. Аслида мустақил мамлакатимиз адлия органларини барпо этишнинг тамал тоши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 8 январдаги Фармони билан қўйилганди.

Собиқ иттифоқ давридаги тизим билан бугунги адлия идоралари ўртасида қандай фарқ бор?

Биринчидан, миллий адлия вазирлиги иттифоқ давридагидан фарқли ўлароқ, судлар фаолиятига аралашмайди. Ваҳоланки, ўтган асрнинг 80-90 йилларида суд идораларини ташкил этиш, идора ходимларини танлаш, жой-жойига қўйиш ва тарбиялаш, судларнинг ишларни ташкил қилишини текшириб бориш адлия вазирлиги ваколатида бўлган.

Мустақиллик йилларида адлия тизимида аҳоли ва юридик шахслар билан яқиндан мулоқот йўлга қўйилган. Мулоқотнинг янги, замонавий ва таъсирчан шакллари амалиётга жорий этилиб, инновацион лойиҳалар асосида тарғибот ва хизмат кўрсатишнинг ўзига хос кўринишлари яратиляпти.

Масалан, адлия идоралари томонидан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, турли мулкчилик шаклидаги корхона ва ташкилотлар фаолиятида қонун устуворлиги ҳамда қонунийликни таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Албатта, бу борада айбдорни топиш ва жазолашга эмас, аксинча хато ва камчиликлар бўлмаслигига алоҳида эътибор қаратиляпти. Айни шу тамойил асосида давлат органлари томонидан қабул қилинадиган барча юридик ҳужжатларни ишлаб чиқиш, ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ва қабул қилишни тўлиқ электрон шаклга ўтказувчи “E-huquqshunos” электрон тизими ишга туширилди.

Вазирлик тизимининг асосий фаолият йўналишларидан бири жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушаётган мурожаатлар билан ишлаш, уларда кўтарилган муаммоларга ўз вақтида ечим топиш ҳисобланади. Бунда табиийки, аввало фуқароларда ҳуқуқий онг ва саводхонлик даражасининг юксак бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Бу борада вазирлик ҳузурида “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази ташкил қилингани қайд қилинган йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Бундан ташқари, «Advice.uz» (e-maslahat.uz) ҳуқуқий ахборот порталининг яратилиши аҳолига турли ҳуқуқий масалалар бўйича бепул онлайн ҳуқуқий маслаҳат олишга имкон яратди. Буюк Британия тажрибаси асосида яратилган ҳуқуқий портал орқали турли ҳаётий ҳолатлар бўйича бепул маслаҳат ва тушунтириш берилади.

Фуқароларга ҳуқуқий масалалар бўйича бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатувчи «Мадад» нодавлат нотижорат муассасаси ва унинг жойлардаги ҳудудий бюроларининг ташкил этилиши аҳолининг ҳуқуқий маслаҳатлар олишида яна бир қулайлик бўлди. Шу билан бирга, фуқароларга сайёр ҳуқуқий маслаҳат бериш тизими йўлга қўйилди.

Бундан ташқари, ёш болалар учун “Bolahuquqlari.uz” электрон сайти яратилган, нотариал ҳаракатларни амалга оширишда шаффофликни таъминлаш мақсадида “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими фаолияти йўлга қўйилгани ҳам фойдаланувчилар учун катта қулайлик бўлди.

Энг муҳим ўзгаришлардан бири, «Ягона дарча» ўрнида Давлат хизматлари марказларининг ташкил этилиши ва Адлия вазирлиги тасарруфига ўтказилиши бўлди, дейиш мумкин. Мазкур соҳа фаолияти самарали йўлга қўйилиши натижасида давлат хизматлари сони йил сайин ортиб бормоқда. Бунинг натижаси ўлароқ, мамлакатимиз жаҳоннинг «Doing Business 2018» глобал рейтингидаги «Бизнесни рўйхатдан ўтказиш» кўрсаткичи бўйича мавқеини мустаҳкамлаб бормоқда. 2020 йилда бу кўрсатгич бўйича давлатимиз 8-ўринни эгаллади.

Бугун адлия идоралари малакали ва сифатли юридик хизмат олишда фуқаро ва ташкилотларнинг манфаатларини таъминлаш, тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳоли ҳуқуқий маданиятини ошириш, қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Ориф Муҳаммадиев,

вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи.