Афғонистон-Покистон чегарасидаги қуролли тўқнашувда олти покистонлик ҳалок бўлди

Покистон-Афғонистон чегарасида “Толибон” билан отишмада олти нафар Покистон фуқароси ҳалок бўлди, дея маълум қилди Покистоннинг Афғонистон бўйича махсус вакили Муҳаммад Содиқ.

“Покистон махсус вакили Покистон-Афғонистон чегарасидаги Чаман ҳудудида тинч аҳоли пунктлари толибон томонидан ўққа тутилиши натижасида олти нафар Покистон фуқароси ҳалок бўлгани ва 17 нафари яраланганини маълум қилди”, — дея хабар бермоқда Aamaj News.

Ўз навбатида Толибон ҳаракати бу тўқнашув чоғида Афғонистон томонидан бир киши ҳалок бўлгани, яна 13 киши, жумладан, уч нафар тинч аҳоли вакиллари яраланганини билдирган.

Покистон Ташқи ишлар вазирлиги можарони қоралаб, ижтимоий тармоқдаги баёнотида “бундай бахтсиз ҳодисалар икки давлат ўртасидаги қардошлик муносабатларига тўғри келмаслигини” таъкидлади. Келгусида шунга ўхшаш ҳодисаларнинг олдини олиш ва уларга нисбатан кескин чоралар кўриш зарурлиги ҳақида Толибон расмийларига маълумот берилди”, дейилади баёнотда.

Покистон томонига кўра, қуролли тўқнашув бир кун аввал Спинболдак чегара пункти яқинида (Қандаҳор вилояти) толиблар янги назорат пунктларини қурмоқчи бўлган, бироқ Покистон қўшинлари тўсиғига дуч келганидан сўнг бошланган.