Афросиёб шахмати
Ўзбекистон археологлари кўҳна Самарқанд заминидан топган қадимий шахмат доналари жаҳон маданияти тарихини ўрганишга қўшилган улкан ҳиссадир.
Шахмат. Уни маъруфи донишлар «мангу барҳаёт ва ақл-идрок ўйини», «тафаккур рамзи», «халқ маданий савиясининг кўзгуси» деб мадҳ этишган.
Бу ўйин қаерда “таваллуд топган”, қай тарзда тараққий этган? Мутахассисларнинг ёзишича, шахмат салафи – чатуранга бундан икки ярим минг йил муқаддам Ҳиндистонда вужудга келган. Бу ҳар бири саккизтадан донали тўрт армия жангидан иборат бўлиб, унинг таркибига шоҳдан ташқари, жанговар филлар ва икки ғилдиракли аравачалар, суворийлар ва пиёдалар кирган. Тўрт отряд, тўрт қўшин тури сингари номлар ҳам шундан келиб чиққан. Бу ўйинда доналарнинг ҳаракат қоидаси ҳам ўзгача, юриш тартиби ҳам ўйинчининг фикр-ўйи билан белгиланмайди, кураш рақибнинг доналарини буткул қириб юборгунча давом этади.
Чатуранга ўйини Ҳиндистондан Эронга, араб мамлакатлари-ю Ўрта Осиёга ўтди. Ушбу мамлакатларда чатуранга анча ўзгариб, янги қоида ва сифатлар, жўшқинлик ва тезкорлик хусусиятларини касб этган. У охир-оқибат вайроналик изларини қолдирмайдиган, чуқур назария ҳамда мураккаб стратегияга асосланган чинакам ақл-идрок курашига, олижаноб баҳсга айланди. Шоҳнинг олдида уни қўриқловчи қудратли ва доно фарзин пайдо бўлди. Фарзин – шоҳнинг маслаҳатгўйи, оқил, доно. Ўзгача ҳаракат ва сифат касб этган ҳолда фил ва от, шунингдек, пиёдалар ҳам қолди. Айни вақтда ҳинд икки ғилдиракли аравачаси – ратха йўқолиб кетди. Унинг ўрнини исми исмига оҳангдош руҳ эгаллади. Даставвал, у баҳайбат йиртқич қуш – жангчилар ҳомийси сифатида тасвирланган бўлса, кейинчалик минора шаклини олган.
Чатуранга Ҳиндистондан Шарқнинг бошқа мамлакатларига қачон тарқалганлиги, у қандай тарзда шахматга айланганлиги масаласи ҳам ўқувчиларни қизиқтириши турган гап.
***
Мавжуд адабиётларда бу хусусда ҳар хил фикрлар айтилган. Шахмат тарихининг асосчиларидан бири, инглиз шарқшуноси Г.Меррейнинг фикрича, шахмат VIасрда Ҳиндистонда пайдо бўлиб, кейин Эронга тарқалган. Совет олимлари И.А.Орбели ва К.В.Тревер эса шахмат ўйини Ҳиндистондан Хитойга, кейин Малайяга ва айни вақтда Эронга ўтган деган фикрдалар. М.Юдович эса шахмат Ҳиндистондан Эронга Ўрта Осиё, араб мамлакатлари ва Европага тарқалган, дейди. Ўзбекистонлик шахмат тарихчилари З.Хўжаев ва Ф.Дюммель ҳамда москвалик тарихчи И.Майзелис шахмат Ўрта Осиёда милоднинг V асрида пайдо бўлган деган назарияни ўртага ташлашди.
Шахмат тарихи И.М.Линдернинг бир қанча асарларида анча изчил баён этилган. Олим Ўрта Осиё милодининг дастлабки йиллари Шимолий Ҳиндистон билан биргаликда шахмат ўйини шакллана бошлаган территорияга кирган деб ҳисоблайди ҳамда илк ўрта асрда шахмат тарқалишини Осиёнинг, биринчи навбатда, буддизм дини ҳукмронлик қилган ёки у кучли таъсир ўтказган мамлакатлари билан боғлайди.
Шубҳасиз, ёзма манбалардан турли мамлакатлардаги қадимий шахмат ҳақида маълумотлар олиш нур устига аъло нур бўлур эди, бироқ қадимги қўлёзма саҳифаларида ҳозирча ўзаро маданий алоқаларнинг ана шу соҳаси хусусида бирор маълумотни илғаб олиш амримаҳол. Милоднинг биринчи асрида яратилган қадимги ҳинд эпоси: «Маҳабҳарата»да эса чатуранга баён этилган.
Доналарнинг шахмат тартибига яқин терилиши ҳақида Фирдавсийнинг «Шоҳнома» асарида фикр юритилган. Бу ўйин ҳинд донишлари томонидан яратилган бўлиб, милоднинг 570 йилига яқин Сосонийлар шоҳи Хусрав I саройида намойиш этилган. Бироқ бу маълумотларни ҳали узил-кесил илмий деб бўлмайди. Айни вақтда IX асрда Шарқ мамлакатларида шахмат назарияси – ўткир зеҳн билан ҳал этиладиган масалалар бўлмиш мансубалар вужудга келди. Ўрта Осиё ерларига шахмат қачон кириб келганлигини билиш мумкинми? Бу саволга фақат археологиягина тўлиқ жавоб бера олиши мумкин, унинг ёрдамисиз эса бугунги кунда қадимги шахмат маданияти тарихининг биронта масаласини ҳал этиб бўлмайди.
***
Республикамиз архологлари қадимий шаҳарларда қазиш ишлари олиб бориб, баъзан шахматнинг айрим доналарини ва ҳатто камбут шахмат комплектини топишга муваффақ бўлишди.
Фил ва ўркачли буқа – зебу тасвирли энг кўҳна доналар Ўзбекистоннинг жанубидаги Далварзинтепада ўтказилган қазишмада, милоднинг II асри охирига оид қатламларда топилди. Фарғонадаги Мунчоқтепа кўҳна шаҳрида эса янада қизиқарли топилдиқларга эга бўлинди. Фил суягидан ясалган мўъжазгина шахмат донасида қояга қўниб, қандайдир узун бўйинли сув қушини чангаллари орасига қисиб турган йиртқич қуш тасвирланган. Йиртқич қуш гўё ўлжасини тилкапора қилмоқчидек ўткир тумшуғини унга ўқталган. Унга назар ташлар эканмиз, Фирдавсийнинг шахмат донаси – руҳ ҳақидаги байти ёдга тушади.
Икки жанговар руҳ ўтирарди чеккада.
Жигар қони тирқирарди тумшуқларида.
Олимлардан И.А.Орбели ва К.В.Тревер мазкур топилма шахмат донаси бўлмиш руҳ эканини эътироф этишди. Таассуфки, бу донанинг аниқ археологик санаси маълум эмас, шунинг учун ясалиш услубига кўра, милоднинг VI-VIII асрларига мансуб деб билинди.
Жанубий Тожикистондаги Хуттал Хулбука кўҳна пойтахт шаҳрида X аср қатламидан қатъий аниқ услубда ишланган шахмат доналари топилди. Термизда ўтказилган қазишмаларда чиққан шахмат доналари эса анча кейинроқ даврга – XV-XVI асрларга тааллуқлидир.
Аммо кўҳна Самарқанд – Афросиёб шахматнинг қадимий доналарига ҳаммадан ҳам бой чиқиб қолди. Бу қадимий обида бамисоли Ўзбекистон халқлари шаҳар маданиятининг улкан архивидан иборатки, олимлар юз йилдан кўпроқ вақт мобайнида унинг замин саҳифаларини тадқиқ этишяпти, Мовароуннаҳрнинг кўҳна меъморчилиги, моддий ва бадиий маданиятига оид янги-янги ноёб топилмаларни ошкор этишяпти.
Афросиёбда икки ярим минг йиллик тарихга эга бўлган қўрғон деворлари ва маданий қатламлар, антик ҳарбий истеҳкомлар тизими, илк феодал даврига оид қасрлар, VII-VIII аср Суғд зодагонларининг нафис безакли уйлари, IX-XII асрларга тааллуқли тураржой бинолари ва устахоналар очилди. Бу ерда йўл-йўлакай шахматнинг айрим доналари ҳам учраган. Октябрь революциясидан илгариёқ Афросиёбда фил суягидан ясалган иккита шахмат донаси топилганди. Ҳозир Ленинграддаги Давлар эрмитажида сақланаётган мазкур доналарнинг бирида пиёда аскар, иккинчисида эса бир қўлида қалқон, иккинчи қўлида чўқнор тутган суворий тасвирланган. Бу доналарнинг қаерда ва қачон ясалганлиги номаълум, уни шартли равишда милоднинг гоҳ VIII-IX асрларига, гоҳ VI-VIII асрларига мансуб деб ҳисоблашади. Шаклига кўра отни эслатувчи шишадан ясалган яна бир дона XI-XII асрларга оид қатламдан топилди. Ўтган йили археологларимиз ўйналавериб жуда сийқаланиб кетган, суякдан ишланган суворий тасвирли мўъжазгина шахмат донасини қўлга киритишган эди.
Ҳозир Афросиёб харобаларида археологик қазишмаларнинг навбатдаги мавсуми ўтяпти. Энг йирик тадқиқот объектларидан бири – Самарқанднинг марказий мачитидир. Ёзма манбаларга қаратганда, у шаҳарнинг шимолий қисмида, қўрғон яқинида, суғдларнинг исломдан илгариги қадимий ибодатхонаси ўрнида жойлашган.
Бу мачит қўрғон билан биргаликда Самарқанд шимолий районларининг марказий архитектура-композицияси ҳисобланади. Унинг атрофида ўша замонларда сершовқин шаҳар бозорлари-ю авлиёларнинг мақбаралари, чилангар ва заргарларнинг устахоналари-ю ҳаммомлар жойлашган.
1220 йил баҳорида мўғул-татар босқинчилари билан қонли кураш кунларида бу ер самарқандлик жасур ҳимоячиларнинг сўнгги таянчи бўлган. Унда бандиликдан ўлимни афзал кўрган минглаб абжитр самарқандликлар ва жангчилар сабот билан душманга қаршилик кўрсатишган, охири мўғуллар уларни мачит билан бирга ёндириб юборишган.
Археологик қазишмалар вақтида бу ердан кўмирга айланган совут ва зирҳли кийимлар, қили ва камон ўқи учлари, жангчининг кумуш камари, гуридлар ҳамда хоразмшоҳларнинг тилла тангалари топилди.
Тадқиқотчиларнинг бир гуруҳи мачитга жануб томондан кираверишда қазишма олиб боришди. Минг йил муқаддам, Сомонийлар даврида мачит кичикроқбўлган вақтда бу майдон ундан ташқарида эди. Худди шу ердан мой солинган шиша идишчалар, совун ўрнидаишлатилган мойли кўкимтир лой бўлаклари, сополдан ясалган сув идишлари, фил суягидан ишланган меъморчилик буюмлари топилди. Булар орасида еттита шахмат доираси ҳам бўлиб, афтидан улар филнинг битта тишидан ясалган ва кўп ўйналаверганидан сийқалланиб кетган кўринади.
Бу доналарни катта-кичиклигига кўра уч туркумга ажратиш мумкин. Биринчи туркумга иккита энг кичик дона мансуб бўлиб, уларда бир тиззага бирлашган пиёда жангчилар тасвирланган. Пиёда жангчиларнинг чап қўлида думалоқ, қиррадор қалқонлар, ўнг қўлида эса елка баравар кўтарилган қисқа, эгик қилич.
Иккинчи туркумдаги доналар йирикроқ, катталиги уч сантиметрча келади. Уларда от ва фил минган жангчилар тасвирланган.
Отлар серҳашам, шокилалар билан безатилган, эгар-жабдуқлари ҳам яққол ифодаланган. Суворийлар оёғигача тушадиган совут билан ҳимояланган. Пиёдалар сингари улар ҳам қалқон тутиб олган, қўлларида қилич. Доналар милоднинг VI асридаги шоҳ Хусрав I Парвез тасвирланган сосонийларнинг тош ўймакорлигига яқин услубда ясалган. Чавандоз ортида – найза ва ўқдон, чап томонида қилич ва унинг ғилофи осиғлиқ.
Фил донасининг катталиги отчалик келади, боши эгик, ўралган хартуми ерга тегай деб турибди. Унинг бутун танаси жул ёки совут билан ҳимояланган. Қуролланган суворий унинг бошида ўтирибди. Дарвоқе, Варахшадаги машҳур монументал безакларда жанговарфил ҳайдовчи ҳам худди шундай тасвирланган эди.
Етти донанинг иккитаси энг катта бўлиб, баландлиги тўрт ярим сантиметр келади. Улардан бири уч от қўшилган извошда ўтирган икки жангчи тасвирлигидир. Олдиндагиси чап қўлида қалқон ушлаб олган. Орқадаги ўриндиқда – тахтда девкор одам савлат тўкиб ўтирибди. Тахтнинг ўймакор ишланган суянчиғи ва тирсак қўяри бўлиб, инжулар билан безатилган. Бу жангчининг ҳам чап қўлида қалқон, ўнг қўлида эса қилич. Тасвирий услуб VII-VIII асрлар санъатига ниҳоят хос бўлиб, ўша даврда аъёнлар жанговар фил ҳайдовчиларга нисбатан йириқроқтасвирланарди. Бу доналардаги отлар ҳам ниҳоятда серҳашам безатилган. Эгар-жабдуқлари осма металл безаклар билан гўзаллаштирилган, бироқ ёллари бўрттириб ишланган, думлари ерга тегиб турибди
Икки йирик донанинг иккинчиси уч от қўшилган извошдаги суворий тасвиридир. Унинг таглиги бошқа доналардагидан катта бўлиб, дур-у гавҳарлар билан безатилган. Бошқа доналардан фарқли ўлароқ ундаги суворий қуролланмаган. У бир қўли билан от жиловини ушлаб олган, иккинчи қўлида эса ҳокимлик рамзи ҳасса ёки гурзи. Шубҳасиз, бу доналар шахмат доналарининг энг йирикларидир, айни вақтда уларнинг бири анча йирик. Бу – фарзин, шоҳнинг маслаҳатгўйи, донишманди. Иккинчиси – салтанат рамзили, қуролсизи, эҳтимол, шоҳбўлса ажаб эмас.
Бу Афросиёбдан топилган, фил суягидан нафис ишланган митти шахмат доналарининг илк бор қўлга киритилган энг тўла нусхасидир. Булар чатуранга эмас, балки шоҳ ва фарзинли, от ва пиёдали чинакам шахматдир. Барча доналарнинг реал ифода этилганисанани белгиловчи муҳим омил ҳисобланади. Маълумки, ислом дини тирик мавжудотни тасвирлашни ман этган, шунинг учун ўша даврларда шаклларнинг ўзига хос тез услубланиши рўй берган. Лекин бу топилманинг қимматли жиҳати, унинг биринчи марта аниқ маълум бўлаётганлигидадир.
Шахмат доналари комплектида VII аср охири ва VIIIасрнинг биринчи ярмида Самарқандда машҳур бўлган идиш парчаларигина эмас, балки тангалар ҳам бор эди. Тангалар ўнга яқин. Улар яхши сақланмаган бўлиб, фақат иккитасинигина аниқлаш мумкин бўлди. Ҳар икки танга милоднинг VII аср иккинчи ярмида ўтган Самарқанд амири ал-Ашъаса ибн Яҳё зарбига мансубдир. Уларнинг бирида ҳижрий 144 йил ёзилган бўлиб, бу милоднинг 761 йилига тўғри келади. Иккинчисида фақат юзлик ва ўнлик рақами – «бир юз қирқ» сақланган бўлиб, у ҳам биринчи тангага яқиндир. Қолган тангалардаги ёзувларни англаб бўлмади, лекин улар юқоридаги икки тангага ўхшаш. Бинобарин, тангалар ҳам, керамика ҳам, буюмларнинг шакллари ҳам мазкур шахмат доналари исломнинг дастлабки ўн йилликларида қўлланилган, эҳтимол, улар Самарқанд араблар томонидан забт этилишидан илгари ясалган бўлиши керак, дейиш имконини беради.
***
Шундай қилиб, кўҳна Афросиёб археологларимизга Ўрта Осиёда энг қадимий, санаси аниқ шахмат доналари комплектини ҳадя этдики, бу топилдиқ Самарқанд Мовароуннаҳрнинг йирик маданий маркази бўлганлигини исботловчи муҳим ашёвий далилдир.
Ю.БУРЁКОВ,
тарих фанлари кандидати.
“Ленин йўли” (ҳозирги “Зарафшон”) газетаси,1977 йил, 25 ноябрь кунги сонидан.