Афруза Ҳамдамова аёллар ўртасида самарқандлик илк гроссмейстер бўлди

Қозоғистоннинг Актобе шаҳрида “Дворкович Мемориал” очиқ турнири бўлиб ўтди.
Унда иштирок этган шахмат бўйича аёллар терма жамоаси аъзоси, самарқандлик Афруза Ҳамдамова "МАСТEРС" гуруҳида ёрқин ўйин намойиш этиб, 51 рейтинг очкосини қўлга киритди.
Афруза ушбу натижа орқали ўзининг сўнгги WGM (Аёллар ўртасида халқаро гроссмейстер) ҳамда халқаро тоифадаги спорт устаси (IM) иккинчи нормасини бажарди.
Шу вақтга қадар Самарқанддан хотин-қизлар ўртасида гроссмейстер чиқмаган, лекин аёл мастерлар бор эди. Энди эса Афруза Ҳамдамова аёллар ўртасида самарқандлик илк гроссмейстер бўлди.
Бугун Афруза Ҳамдамова Самарқандда тантанали кутиб олинди. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Ҳ.Тўхтаев, шаҳар ҳокимлиги, вилоят спорт, ёшлар ишлари ҳамда мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари
масъуллари иштирок этиб, Афруза ва унинг ота-онасини ушбу ютуқ билан табриклади.
- Хотин-қизлар ўртасида энг ёш гроссмейстерлардан бири бўлдим, албатта бу натижага эришиш осон бўлмади, - дейди Афруза Ҳамдамова. - Келажакда эркаклар ўртасида ҳам халқаро тоифадаги гроссмейстер бўлиб, Ўзбекистонга шахмат тожини олиб келмоқчиман.