Аграр соҳани инновацион ривожлантиришнинг назарий ва амалий асослари нималарда акс этади?

Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиалида “Ўзбекистонда аграр соҳани инновацион ривожлантиришнинг назарий ва амалий асослари” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Анжумандаги мавзуларнинг ҳар бири долзарблиги билан аҳамиятлидир. Хусусан, филиал кафедра мудири, қишлоқ хўжалиги бўйича фалсафа доктори Йигитали Тошпўлатовнинг “Ноёб ва йўқолиш хавфи бўлган доривор ўсимликларнинг табиий популяциялари тиклаш ҳамда улардан фармацевтика учун хом ашё тайёрлашда микроклонал кўпайтиришдан фойдаланиш” мавзусидаги маърузаси кўпчилик учун қизиқарли бўлди.
- Ўзбекистондаги ноёб ўсимликлар ҳисобланган “Самарқанд ўлмас ўти” ва “Туркистон алюгаси”ни кўпайтириш, уларнинг аҳамияти ва келажакда фойдаланиш бўйича қилинаётган амалий ишлар талайгина, - деди Й.Тошпўлатов. – Бу ўсимликларга ҳозирги вақтда нафақат ўзимизда, балки чет элда ҳам қизиқиш билдирилмоқда. Доривор ўсимликлардан олинадиган биоактив доривор моддалар ва улардан тайёрланган препаратлар бизга деярли 100 фоиз четдан импорт қилиняпти. Агар бу ўсимликларни ўзимизда етиштиришни йўлга қўядиган бўлсак, биз ҳам ушбу ўсимликлардан олинадиган препаратлардан ўзимизда фармсаноатда фойдаланиб, ички бозорни таъминласак бўлади. Бундан ташқари, ушбу ноёб ўсимликлардан олинадиган препаратларни келажакда чет давлатларга ҳам экспорт қилиш имконияти пайдо бўлади.
Конференцияда, шунингдек, ёнғоқ мевахўрига қарши кимёвий препаратларнинг биологик самарадорлиги, помидор ишлаб чиқарилиши, тупроққа ишлов беришга асосланган табиатни муҳофазаловчи ресурсларни тежаш технологияси ва уни амалга ошириш техник воситаси ва лалмикор майдонларда ўғитларнинг тупроқ намлик тарғиботи ва кузги буғдой ҳосилдорлигига таъсири каби мавзуларда ҳам маърузалар қилинди.
Икки кун давом этган конференцияда хорижий мутахассислар ҳам иштирок этди. Германиянинг Гелфин университети тадқиқотчиси Эрина Кофф кун тартибидаги масалалар бир-биридан долзарб эканлигига эътибор қаратди.
- Мен Самарқандда эканимдан, ўз тадқиқотим билан иштирок этаётганимдан хурсандман, - деди Эрина Кофф. - Биз Тожикистон ва Ўзбекистон чегара тоғ олди ҳудудларида чорвачиликни ривожлантириш бўйича иқтисодий ҳамкорлик лойиҳаси доирасида тадқиқотлар олиб бормоқдамиз. Ушбу лойиҳа асосан икки мамлакат ўртасида чорвачиликни ривожлантиришга, айниқса, савдо муносабатларига қаратилган лойиҳа ҳам ҳисобланади. Лойиҳа жорий йилда бошланди ва 2025 йилга қадар давом этади.
Илмий-амалий конференцияга жами 150 дан ортиқ илмий йўналишдаги мақола ва тезислар келиб тушган бўлиб, пленар ва шўъба йиғилишларида қишлоқ хўжалиги соҳасининг турли йўналишларида 25 дан ортиқ маърузалар тингланди ва муҳокама қилинди Шу билан бир қаторда талабалар томонидан тайёрланган постерлар тақдимоти бўлиб ўтди.
Шунингдек, тадбир доирасида инновацион лойиҳалар асосида етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмаси ҳам ўтказилди.
Бобур Эшонқулов,
директор ўринбосари, доцент.