Аҳоли даромадининг катта қисми дори-дармонга сарфланяпти
Президент Шавкат Мирзиёев ушбу йиғилиш халқимиз учун ҳам, тиббиёт соҳаси ва унинг вакиллари учун ҳам фойдали бўлиши кераклигини кўрсатиб ўтди. Шу боис, ечимини кутаётган масалаларни очиқ-ойдин гаплашиб олишни таклиф этди.
Инфляцияни жиловлаш, озиқ-овқат маҳсулотларининг нархини барқарор ушлаб туриш бўйича кўп ишлар қилинмоқда. Лекин аҳоли даромадининг катта қисмини аслида дори-дармонга сарфлаётгани қайд этилди.
«Ихтисослашган марказларга сўнгги беш йилда 7,5 триллион сўм маблағ берилди. Улар минглаб энг замонавий ускуналар билан жиҳозланди. Дори етмаяпти деб бирорта марказ айта оладими?
Мана шу маблағлар, ускуналар ва дори-дармонлар қандай ишлатиляпти? Афсуски, ускуналарнинг қувватидан бор-йўғи 25 фоиз фойдаланиляпти», – деди Президент.
Рақамлаштириш, хориждан ҳамкор топиш, клиник протоколларни янгилаш, илғор диагностика, профилактика ва даволашни уддалайдиган замонавий жамоани шакллантириш бўйича ишламаган марказ, туман, вилоят соғлиқни сақлаш бошқарма ва бўлимларининг келажаги йўқлиги қайд этилди.
Қайси маҳаллада, туманда қандай касаллик кўпайган ёки камайганини таҳлил қилиб, уларнинг олдини олиш ҳамда самарали даволаш бўйича аниқ режа билан ишлаш, республика марказлари бундай таҳлил ва ёндашув билан ишни пастда ташкил қилиши, катта-катта маблағ эвазига олиб берилган энг замонавий ускуналардан самарали фойдаланиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб экани кўрсатиб ўтилди.