Аждодларимиз қолдирган мерос Европа ва Шарқда ўқув дарсликлари сифатида фойдаланилади

Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг асарлари инсоният цивилизациясида ҳамиша ўз ўрнига эга бўлган. Айниқса, юртимиздан етишиб чиққан улуғ алломалар ва муҳаддислар яратган буюк мерос асрлар ўтса-да, ўз долзарблиги ва қимматини йўқотмайди.
Самарқанднинг буюк фарзанди, муҳаддис олим, ислом оламида Имом Абу Мансур Мотуридий ана шундай алломалардан бири ҳисобланади.
Самарқанд ветеринария медицинаси институтида “Имом Абу Мансур Мотуридий илмий мероси ҳафталиги” доирасида маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий ҳалқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда улуғ алломанинг тарихий фалсафий мероси, у қолдирган таълимотнинг бугунги кунимиз учун аҳамияти хусусида сўз юритилди.
Ҳалқаро илмий-тадқиқот маркази директорининг бош маслаҳатчиси Б.Тўраев, марказ катта илмий ходимлари У.Муҳаммадиев, Т.Эвадуллаевларнинг таъкидлашича, Мотуридия таълимоти ва бу таълимотнинг ислом илм-фанида тутган ўрни, шунингдек, диний ва дунёвий тараққиётга қўшган ҳиссаси ҳақидаги фикр-мулоҳазалари, қолаверса, фан ва маданиятнинг шаклланишида заминимизда яшаб ўтган улуғ аждодларимизнинг ўрни беқиёс эканлиги ёшлар учун ибрат наъмунасидир.
Бу нодир наъмуналар ҳозирги кунда Европада, қолаверса Шарқ мамлакатлари олий таълим муассасаларида ўқув дарсликлари сифатида фойдаланиб келинмоқда.
Тадбир давомида “Самарқандлик алломалар”, “Алоуддин ал-Усмандий ас-Самарқандий”, “Имом Бухорий - муҳаддислар султони”, “Имом Бухорий мажмуаси” китоб-альбоми ва “Иброҳим Саффор Бухорий” китоблари тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
СамВМИ ахборот хизмати.