Ибн Сино издоши

Москвадан мактуб

Тиббиёт соҳасидаги таниқли олим, моҳир хирург Азамат Муҳитдинович 80 ёшга тўлибди. Бу оддий умр эмас. Ана шу йилларда қишлоқда ўсиб-улғайган иштиёқли йигитнинг, тиббиётга умрини бағишлаган, Марказий Осиёда болалар хирургияси етакчисига айланган, бу соҳада мукаммал мактаб яратган шифокорнинг, илмда эса юқори чўққиларга эришган фидойи олимнинг ҳаёти мужассам.

Мен Азамат Муҳитдиновични жуда узоқ йиллардан бери яхши танийман. Иттифоқ Медицина фанлар академияси Педиатрия илмий тадқиқот институтида докторлик ишини муваффақиятли ёқлаганида унга меҳр қўйганман. Чунки унинг келгусида соҳамизда таниқли олим ва моҳир болалар хирурги бўлишига ишонган эдим. Мен Азамат Муҳитдиновичнинг ғайрати, шижоатидан ҳамиша ҳайратланиб келганман, бугун ҳам ҳайратдаман. Азамат Муҳитдиновичдек инсон билан дўст бўлганимдан фахрланаман.

Комил ишонч билан айта оламанки, Самарқандда тиббиёт институтининг болалар хирургияси кўп тармоқли, ихтисослашган клиникасининг юзага келиши ана шу жонкуяр инсоннинг саъй-ҳаракатлари билан боғлиқ. 1985 йилда А.Шамсиев Самарқанд тиббиёт институти болалар хирургияси кафедрасини ташкил этганидан кейин жуда катта орзулар билан ана шу ишга киришди. Болалар хирургияси тиббиётнинг энг қийин ва муҳим соҳаларидан бири. Шу сабабли Самарқандда бундан 40 йил аввал Шамсиев ташкил қилган болалар хирургияси илмий марказининг очилиши мамлакат миқёсида катта воқеа бўлган эди. Лекин бу иш осон кечмаганидан хабарим бор. Барча бюрократик тўсиқларни енгиб, шогирдларни бу савобли ишга жалб қилган болалар хирурги мураккаб оперaциялар билан ҳамкасбларни ҳам ҳайратга солди.

Раҳбарнинг елиб-югуриши туфайли болалар хирургияси илмий марказида 200 ўринли замонавий шифо маскани барпо этилиб, энг замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланди. Шу даврда собиқ Иттифоқда ягона бўлган Самарқанд болалар хирургияси илмий маркази Ўзбекистонгина эмас, балки қўшни мамлакатларга ҳам малакали мутахассис тайёрлайдиган илмий-амалий марказга айланди.

Профессор А.Шамсиев 1990 йилда Самарқандда биринчи бўлиб мураккаб юрак оперaциясини амалга оширди ва шу пайтга қадар бу амалиёт 200 дан ортиқ болаларда муваффақиятли бажарилди. Шунингдек, унинг бевосита раҳбарлигида жуда кўп мураккаб хирургик муолажаларнинг амалиётга татбиқ этилиши болалар хирургияси тараққиётига улкан ҳисса бўлиб қўшилди. Эсимда, бундай муваффақиятлар ўша вақтда мамлакат бўйича турли тадбирларда эътироф этиларди. Қолаверса, ўзим ҳам Самарқандда бўлиб, кўплаб таниқли ҳамкасбларим қаторида ана шу хирургик амалиётларга гувоҳ бўлганман.

1991 йилда Азамат Муҳитдиновичнинг ташаббуси билан Самарқанд болалар хирургияси илмий марказида болалар хирургларининг Бутуниттифоқ симпозиуми ва талабаларнинг илмий конференцияси ўтказилди. Бу воқеа Марказий Осиё минтақасида тарихий аҳамиятга эга эди. Ушбу тадбирда таниқли академиклар Э.Степанов, К.Ормантаев, А.Пулатовлар ва бошқа олимларнинг иштирок этиши унинг нуфузини яна ҳам оширди.

Профессор А.Шамсиев Самарқанд давлат тиббиёт институтига 16 йил давомида ректорлик қилди. Ректорнинг ташаббуси ҳамда бевосита иштирокида институтда 2013 йилда халқаро таълим стандартларига мос равишда кредит-модул тизими жорий этилди. Бу тажриба давлат раҳбари томонидан юқори баҳоланиб, 2020 йилдан эътиборан, бу тизим мамлакатнинг барча олий ўқув юртларида жорий этила бошланди. Бундан ташқари, ўқув жараёнига икки босқичдан иборат интеграллашган лицензион тест имтиҳонлари жорий этилди, яъни талабалар биринчи босқичда, 3-курс якунида фундаментал фанлардан, иккинчи босқичда, 6-курсни тугатгандан кейин давлат имтиҳонлари олдидан клиник фанлардан билимларини тест синовидан ўтказиш киритилди.

А.Шамсиевнинг медицина олий ўқув юртларида ўқиш муддатини етти йилдан олти йилга қисқартириш ташаббуси ректорнинг муҳим ютуқларидан яна бири бўлди. Ташаббус давлат раҳбари томонидан қўллаб-қувватланди ва 2017 йилдан эътиборан республика тиббиёт олий ўқув юртларида татбиқ этилди.

Профессор А.Шамсиевнинг Ўзбекистон тиббиётига қўшган яна бир ҳиссаси борки, буни эътироф этишимиз шарт. 2018-2020 йилларда унинг ташаббуси ва бевосита раҳбарлигида Самарқанд медицина институтининг 800 ўринли янги ўқув биноси қуриб битказилди. Ушбу ўзига хос ўқув биносининг меъморий қиёфасини яратишда Ирландиядаги 1592 йилда қиролича Елизавета I асос солган Дублин университетининг мумтоз шаклига таянилди. Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида қурилган бу ноёб бино Самарқанд кўркига кўрк қўшди ва врачларнинг янги авлодини тайёрлашга интилиш рамзи бўлди.

Самарқанд тиббиёт институти дунёдаги 60 дан зиёд илғор олийгоҳлар билан муносабатларни ҳам йўлга қўя олди. Ва, бугунги кунда ҳам бу муносабатлар доирасида жуда кўплаб тадбирлар амалга оширилмоқда.

Азамат Муҳитдиновични тиниб-тинчимас, ҳар бир ишни охиригача етказа оладиган, ўз касби учун жиддий курашадиган олим сифатида ҳурмат қиламан. Жумладан, у ректорлик даврида ҳам клиник ва илмий ишларни тўхтатиб қўйган эмас. Унинг раҳбарлигида ҳозиргача 40 нафардан зиёд фан докторлари ва номзодлари ўз тадқиқотларини ҳимоя қилдилар. Тиниб-тинчимас олим мингдан зиёд илмий ишлар, 12 дарслик, 35 та монография ҳамда 70 дан ортиқ ихтирога патентлар муаллифи ҳамдир. Умуман, бу ҳамкасбимнинг тиббиёт бўйича таълимга қўшган ҳиссаси жуда катта. 2000 йилда А.Шамсиевнинг профессор А.Сулаймонов билан ҳаммуаллифликда ўзбек тилида биринчи марта “Болалар хирургияси” дарслиги, 2025 йилда унинг таҳрири остида академиклар Ю.Исаков ва А.Разумовскийнинг “Болалар хирургияси” дарслиги ўзбек тилида чоп этилди. Бу нашрлар Ўзбекистонда медицина таълимининг ривожига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди ва болалар хирургияси соҳасида мутахассислар тайёрлаш сифатининг ошишига олиб келди.

Азамат Муҳитдинович туғма олим ва туғма шифокордир. Деярли ҳар куни унинг соҳамиздаги янгиликларни кузатиши, ўрганиши, улардан ибрат олишидан хабардорман. Болалар хирургиясининг кўплаб муаммолари юзасидан баҳсларда, конференцияларда, амалий семинарларда бирга қатнашганмиз. Бинобарин, 1996 йилда Ўзбекистон Фанлар академияси Самарқанд бўлими тиббиёт бўлинмасини бошқарган даврда академик Э.Иргашев билан биргаликда «Тиббиёт ва биология муаммолари» илмий журналига асос солди ва узоқ йиллар унга раҳбарлик қилди. Бундан ташқари, Россияда чиқадиган «Детская хирургия» ва «Вестник детской хирургии, анестезиологии и реаниматологии» каби ўндан ортиқ илмий журналлар таҳририяти аъзоси. Ўзининг долзарб мавзудаги мақолалари, тажрибалари, таклифлари билан мунтазам чиқиш қилиб туради.

Профессор А.Шамсиев нафақат Ўзбекистон ва Россияда, балки халқаро миқёсда ҳам эътироф этиладиган олим. Мисол учун, у Нью-Йорк Фанлар академияси, Европа (EUPSA), Россия (РАДХ) болалар жарроҳлари ассоциatsiялари, Осиё (ELSA) лапароскопик жарроҳлар ассоциaцияси, Буюк Британия соғлиқни сақлаш қироллик ассоциaцияси фахрий аъзоси, Россия медик-техник академияси ва хирурглар жамиятининг ҳақиқий аъзоси. Шу билан бирга, у дунёдаги бир қатор илғор олий ўқув юртлари ҳамда илмий уюшмаларнинг, хусусан, Грац (Австрия) тиббиёт университети, Ижевск тиббиёт академияси ва Бошқирдистон давлат тиббиёт университетларининг фахрий профессори ва академигидир.

Албатта, самарали меҳнат, фидойилик ила суғорилган фаолият эътибордан четда қолмайди. Болалар хирургияси йўналишида меҳнат қиладиган жуда кўп ҳамкасбларимиз Азамат Муҳитдиновични нафақат тиниб-тинчимас олим, балки тиббиётнинг жонкуяри, устоз сифатида эъзозлашади. Дарвоқе, 2010 йилда Шамсиев академик А.Вишневский номидаги олтин медаль билан тақдирланганди. 2014 йилда у илмий тадқиқотлардаги ютуқлари учун профессор В.Немсадзе номидаги ва 2024 йил профессор А.Кисель номидаги мукофотлар лауреати бўлганди. Комил ишонч билан айта оламанки, профессор А.Шамсиевнинг номи бугунги кунда тиббиётда, хусусан, болалар хирургиясида эътироф этилган ва тан олинган С.Терновский, Ю.Исаков, С.Долецкий, Г.Баиров, Э.Степанов, А.Лёнушкин, Н.Кущ, В.Державин, А.Пугачёв, В.Розинов, А.Разумовский, А.Пулатов, К.Ормантаев кабилар қаторида қадрланади. Хусусан, ўзим бу инсоннинг Ўзбекистон ва Марказий Осиёда болалар хирургиясининг чинакам байроқдори эканлиги билан фахрланаман.

Азамат Муҳитдинович ўқиб толиқмайдиган, ишлаб чарчамайдиган, касбига ҳурмати тугамайдиган инсон. Эҳтимол шунинг учундир у доимо ҳамкасблари ва шогирдлари қуршовида. Бинобарин, шогирдлари ҳам ўзи каби доимо меҳнат билан банд. Таълимини олаётган талабалар эса айни пайтда турли илмий, ижодий танловларда иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритмоқда. Бундай ютуқлар, табиийки, олимга янги куч-ғайрат бағишлайди.

А.Шамсиевнинг соғлиқни сақлаш ва олий таълим ривожига қўшган улкан ҳиссаси давлатнинг юксак мукофотлари – «Соғлом авлод учун» (1998) ва «Дўстлик» (2024) орденлари, «СССР соғлиқни сақлаш аълочиси» (1990) нишони, биринчи даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони ва юбилей медаллари билан муносиб тақдирланган. Аммо унинг учун энг юксак мукофот – ҳаёти сақлаб қолинган минглаб жажжи болаларнинг шодон табассуми.

Самарқанд Ер сайёрасидаги мен севган ягона шаҳар. Дўстим Азамат Муҳитдиновичга ана шундай гўзал шаҳарда узоқ яшаб, яна янги-янги муваффақиятларга эришишини тилайман!

Қадрли дўстим ва ҳамкасбимга доимо элнинг дуолари ёғилиб туришини истайман.

Леонид РОШАЛЬ,

Россия Федерaцияси Меҳнат Қаҳрамони, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эксперти, Фалокатлар ва урушлардаги болаларга ёрдам бериш халқаро хайрия жамғармаси раиси.