Ака-укалик ришталари тикланди
Фарҳод ва Шавкат ота-онасининг вафотига қадар эт ва тирноқдек иноқ бўлиб, шинам ҳовлида ҳаёт кечириб келаётганди. Ота-онасининг вафотидан сўнг ака-укалар ўртасидан “қора мушук ўтди” шекилли, ука ўз акасининг ҳурматини, ака эса ўз укасининг иззатини унутиб қўйди. Ўртадаги келишмовчилик сабаб Фарҳод укаси Шавкатни ҳовли-жойдан қувиб солди.
Шавкат ўзининг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун ота-онасининг умумий мулки бўлган ва ўзи туғилиб ўсган уй-жойга киритиб қўйиш тўғрисидаги даъво талаби билан ўзи истиқомат қилиб келган ҳудуддаги фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилди.
Судья томонидан суд мажлисига қадар амалга ошириладиган барча процессуал ҳаракатлар амалга оширилиб, ишни кўриб чиқиш тайинланди ва ака-ука суд мажлисига чақиртирилди.
Суд мажлиси давомида ака-ука ўртасидаги мустаҳкам риштанинг узилишига оддий бир арзимас ҳолат ва гап сўзлар сабаб бўлган. Суд томонидан суд мажлисида тарафларга уларнинг процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилган ҳолда, суднинг исталган босқичида низо юзасидан келишувга эришишлари мумкинлиги ҳамда қариндошлар ўртасидаги низо ачинарли ҳолат ҳисобланиши айтиб ўтилди.
Суд мажлисида Шавкат ўзининг ҳаракатларидан афсусдалигини билдириб, акаси Фарҳоддан узр сўраб, келгусида акаси билан бундай кўринишдаги ҳолатлар бўлмаслигини билдирди ҳамда судга киритган даъво талабидан воз кечишлигини баён қилди.
Шунингдек, Фарҳод барчасидан афсусда эканлигини, ўрталаридаги низолари арзимас бир ҳолатлигини, у ўша пайтлар жаҳл устида укасини тартибга чақириш учун қаттиқ гапирганлигини ва уйдан чиқариб юборганлигини, ҳозирги кунда укаси уйга қайтишини роса хоҳлаётганлигини билдирди.
Суднинг ажрими билан Шавкатнинг даъво талабидан воз кечганлиги қабул қилиниб, фуқаролик иши иш юритишдан тугатилди.
Суд томонидан ўз вақтида ака-укаларга ўзаро келишув чоралари таклиф этилганлиги натижасида нафақат бир низо ижобий ҳал этилди, балки ака-укалар ўртасидаги қон-қариндошлик ришталари ҳам тикланди.
Шержаҳон ЗАЙНИДДИНОВ,
фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди судьяси катта ёрдамчиси.