Академик Диамат Абдукаримов ҳамон изланишда

Самарқандлик олим, Ўзбекистон Фанлар Академияси академиги, ғаллачилик ва картошкачиликда ўнлаб янги навлар муаллифи, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Диамат Абдукаримов 85 ёшга кирди.

Шу муносабат билан Самарқанд ветеринария институтида илмий анжуман бўлиб ўтди. Унда иштирок этган Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари  Р.Қобилов, институт ректори X.Юнусов, Самарқанд давлат университети ректори Р.Xолмуродов, Тожикистон Фанлар академияси академиги К.Партоев ва бошқалар академик Диамат Абдукаримовнинг машаққатли ҳаёт йўли, илмий-педагогик соҳадаги фаолияти, устоз сифатидаги фазилатлари xусусида гапирди.

- Мен Диамат Тўхтаевич билан беш йил институтда бирга ўқиганман, - дейди Д.Абдукаримовнинг курсдоши, доцент Иноят Акромов. – Ўша пайтларда ҳам чеҳраси очиқ, қалби пок, вужудидан куч-ғайрат ёғилиб турган ёш Диамат ҳар соҳада илғор эди. Фан сирларини ўзлаштиришга интилар, янгиликлар яратишга ўч эди. Бугун ҳам бу ғайрат уни тарк этмаган. Юртбошимизнинг академиклар олдига қўйган вазифаларидан оғишмай, илмий ва амалий ишларини давом эттирмоқда. Олимнинг Самарқанд ветеринария медицинаси институти, мазкур олийгоҳ қошидаги академик лицей, «Ўзпахтаёғ-саноат» акциядорлик жамияти, қоракўлчилик ва чўл экологияси ҳамда ветеринария илмий-тадқиқот институтлари олимлари билан ҳамкорликда амалга ошираётган илмий изланишлари таҳсинга лойиқ.

Шаxзод АҲМЕДОВ.