Диабет ва фаровонлик

Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд вилояти филиали халқаро диабет куни муносабати билан махсус акциялар, семинарлар ва қанд даражасини бепул текшириш тадбирларини ўтказмоқда.

Жумладан, кеча филиал мутахассислари Нуробод тумани кўп тармоқли марказий поликлинкаси ва Нурбулоқ оилавий шифокорлик пунктида 40 ёшдан юқори аҳоли скрингдан ўтказди. Соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш, диабетнинг олдини олиш ҳақида тушунча берилди.

Бугун эса филиалда “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди ва муассасага келган фуқароларга қондаги қанд миқдорини бепул аниқлаш имконияти яратилди, шунингдек, улар мутахассислар қабулига кириб, тавсия ва маслаҳатлар олиш имкониятига эга бўлди.

– 14 ноябрь жаҳон миқёсида “Халқаро диабет куни” сифатида нишонланади – дейди Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд вилояти филиали бош врачи Гулзода Негматова. – Бу сана диабет касаллигига қарши кураш, унинг олдини олиш ва жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантиришга қаратилган муҳим тадбирлардан биридир. Диабет бу – инсон организмидаги инсулин гормони етишмаслиги ёки унинг таъсирига қаршилик натижасида қондаги шакар миқдорининг ортиши билан тавсифланадиган сурункали касаллик ҳисобланади. Дунё бўйлаб ҳар бешинчи катта ёшдаги инсондан бири диабет хавфи остидадир. Бу эса ҳар бир оила, ҳар бир жамият аъзоси бу муаммога бефарқ бўлмаслиги кераклигини англатади. Жорий йилда халқаро диабет куни мавзуси “Диабет ва фаровонлик” деб белгиланган. Асосий мақсад – диабет билан яшайдиган инсонлар учун муносиб ҳаёт шароитини яратиш, уларнинг соғлом ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашдир. Чунки диабет фақат тиббий муаммо эмас, балки ижтимоий аҳамиятга эга масаладир. Диабетни назорат қилиш учун ҳар бир инсон тўғри овқатланиш, жисмоний фаолликни ошириш, стрессни камайтириш ва доимий тиббий кўрикдан ўтишга аҳамият бериши зарур.

Бугунги кунда дунё бўйлаб қандли диабет билан касалланиш ҳолатлари йил сайин ортиб бормоқда. Бу касалликнинг хавфи шундаки, унинг бошланғич босқичларида белгилари кўпинча сезилмайди. Шу сабабли, кўплаб беморлар диабет аниқлангунча анча вақт ўтиб кетади ва бу вақт мобайнида касаллик асоратлари юзага келиши мумкин.

Шундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида мамлакатимизда 40 ёшдан ошган аҳолини скринингдан ўтказиш йўлга қўйилган. Бу тадбир орқали қондаги глюкоза (шакар) миқдори аниқланиб, диабетнинг илк белгилари барвақт аниқланади. Касаллик эрта босқичда аниқланса, уни назорат қилиш ва асоратларнинг олдини олиш анча осон кечади.

Бугун филиал мутахассислари ҳамда туман, шаҳар тиббиёт бирлашмаларидаги эндокринологлар поликлиникалар ва аҳоли гавжум масканларда соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва диабетнинг олдини олишга қаратилган тадбирлада иштирок этмоқда. Кечки пайт Самарқанд шаҳридаги Регистон майдонида мовий ранг чироқлар остида “Самарқанд-2025: диабетсиз ва фаровон ҳаёт учун бирлашамиз!” шиори остида катта тарғибот тадбири ўтказиш кўзда тутилган.