Алишер Навоий: “Билгил ўз ҳаддингни-ю, беҳад риоят қил адаб”
Улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 584 йиллиги муносабати билан навоийшунос олима, филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Дилором Салоҳий билан суҳбатлашдик.
- Дилором опа, навоийшуносликнинг бугунги аҳволи сизни қониқтирадими?
- Саволингизга савол билан жавоб берсам: Қуёш нуридан, тафтидан ким тўйибди?! Сув тароватидан-чи?! Гул ифоридан-чи?! Навоийнинг умумбашарий ижодиёти мазмуни, илмий-бадиий тафаккури мағзини чақиб ўрганиш йўли жуда кенг, жуда узун.
Очиғи, навоийшунослик фанининг энг ривожланган даври ХХ аср эди. Бу даврда Низомиддин Мир Алишер Навоий ҳазратларининг асарлари матнлари ўрганилиб, нашр этилди, манбашунослик тадқиқотлари яратилди ва бу асосда навоийшуносликнинг назарий масалалари юзага чиқиб, таниқли олимларнинг илмий тадқиқотлари дунё юзини кўрди. Бу давр олимлари навоийшунослик соҳасида мисли кўрилмаган муваффақиятларни қўлга киритдилар, улуғ шоир асарларида ифода этилган кўплаб масалаларга илмий муносабат билдирилди. Аммо даврнинг ҳукмрон сиёсий мафкураси тадқиқот майдонини кенгроқ олишга, улуғ шоир ижоди моҳиятини тўла ёритишга имкон бермас эди. Таъбир жоиз бўлса, бу бетакрор ижодиёт сурат, мажоз нуқтаи назаридан батафсилроқ, аммо сийрат, ҳақиқат жиҳатидан имо-ишоралар билан пардалаб ўрганилди.
Навоий асарларининг асл моҳияти ва аҳамиятини чуқур, барча тафсилотлари билан ёритиб бериш имконияти кейинги чорак асрдан кўпроқ вақт давомида юзага келди. Айнан ана шу давр илмининг самараси ўтган юз йил давомида қилинган меҳнат самарасидан кучлироқ бўлди. Бунинг сабаби ҳаммага аён – ҳар сатрида Ҳазратнинг пок эътиқоди акс этиб турган ижодиёти мафкуравий тушовларсиз, холис ўрганилди. Икки давр навоийшунослиги ривожи навоийсеварлар қалбида чуқур ифтихор туйғуларини уйғотади.
Навоийшунослик фани олдида ҳали тадқиқ этилиши лозим бўлган қатор масалалар турибди. Улуғ шоирнинг қўлёзма ва тошбосма асарлари манбалари имкон даражасида тўла йиғилмоғи лозим. Хусусан, Самарқандда яратилган “Сабъату абҳур” номли луғатининг янги манбалари топилиб, нашр эттирилмоғи керак. Шоирнинг маснавийлари, соқийномалари, форсий тилдаги қасидалари бир-икки илмий иш доирасида қолиб кетмай, кенгроқ тадқиқ этилса, нур устига нур бўлади. Ҳазратнинг ижтимоий фаолияти янги нуқтаи назардан, замондошлари билан муносабатлари, ижодий мактаби, асарларининг таржималари ўрганилса, навоийшунослик фани яна янги мазмун-моҳият, аҳамият касб этиши мумкин.
- “Навоийга етмоқ учун яна беш юз йил юрмоқ керак”, деган экан шоирларимиздан бири. Шу фикрга қандай қарайсиз?
- Аммо масофани янада узоқроқ қўйиш керак, деб ўйлайман. Навоийни англамоқ учун у эътибор қаратган барча мавзу ва масалаларни ўрганмоқ лозим. Масалан, Ҳазратнинг “Тарихи мулуки Ажам” ва “Тарихи анбиё ва ҳукамо” номли тарихий асарлари бор. У тафсилотни Одам алайҳиссалом яратилиши тарихидан бошлайди. Ўқувчида: “Навоий бу тарихни қайси асарларни кўриб ёзди экан?”, деган савол туғилади. Саволнинг жавобини топиш учун эса 500 йиллик масофани ўтиш камлик қилади.
- Сизнингча, улуғ шоир ижодини оммалаштириш учун нималарга эътибор бермоқ лозим?
- Навоий ижодиётига ҳаётимиздаги ҳар бир масала ечимида эҳтиёжимиз борлигини англамоғимиз керак. Талабни эҳтиёж туғдиради. Масалан, ҳозирги ёш авлод ўзини анча эркин ҳис қилади, дунё кезиш, хорижга чиқиш истаги кучли. Аммо Ҳазратнинг китобларини қўлларига олса, уларни огоҳлантиради:
Қушқа юнг маскан аро хушроқдурур озодлиқ,
Бўлғонидин банд аро сайёд ипак доми била.
Яъни, овчининг ипак тўрларидан бўлган қафасида ўтиргандан кўра, ўзининг тиканлардан бўлган уясида ўтирган қуш озоддир. Ёки:
Заҳрни ўз коми бирла ичса андин яхшиким,
Ичса ҳайвон шарбатин нокомлиқ жоми била.
Ихтиёрсиз, бировнинг қўли билан “ҳайвон шарбати”, яъни абадий тириклик сувини ичгандан кўра, ўз қўли билан оғу ичгани афзалроқдир.
Сир эмас, ҳозирги кунда қизларимиз тарбиясига жиддий эътибор беришимизга тўғри келмоқда. Баъзан улар ҳаё чегарасини англамай, отасига, акаларига ҳиссиётлари ҳақида очиқ гапирганлари қулоққа чалинади. Шундай шароитда Ҳазрат Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонида малика Ширин тилидан айтган сўзлари шу дарднинг давоси бўлади:
Манга не ёру не ошиқ ҳавасдур,
Агар мен одам ўлсам, ушбу басдур.
Оммалаштириш – ҳаётимиз учун зарур пайтда Ҳазрат панд-ўгитларини, ҳикматларини тилимиздан туширмаслик, ёшларимизни ҳам шунга одат қилдирмоғимиз лозим.
- Академик Воҳид Абдуллаевдан сўнг Ҳазрат Навоийнинг Самарқандда яшаган даврини яна бирор олим ўргандими? Бу ҳақда янги маълумотлар борми?
- Устоз Воҳид Абдуллаевдан сўнг Навоийнинг Самарқандга сафари ҳақида академик Ботирхон Валихўжаев ўтган асрнинг 90-йиллари бошларида “Мулоқот” журналида бир мақола эълон қилган эди. Бу мақолада устоз Самарқандга сафар қилган икки толиби илм – Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий ҳақида сўзлаб, уларнинг Ҳиротдан Самарқандга, Самарқанддан Ҳиротга қадар бўлган карвон йўлларида учрашган бўлишлари мумкинлиги ҳақидаги мулоҳазаларини баён этган. Шунингдек, устоз Ботирхон домла Алишер Навоийнинг самарқандлик йирик фақиҳ, тилшунос олим, тиббиёт билимдони Хожа Фазлуллоҳ Абуллайс ас-Самарқандий билан мулоқоти, таҳсили, фақиҳ хонадони, аждодлари тарихи ва авлодининг Навоий ҳазратларига нисбатан бўлган эҳтироми ҳақида батафсил маълумот берувчи мақолаларини ёзган. Устози В.Абдуллаев берган маълумотларни тўлдирар экан, Ботирхон домла Навоийнинг самарқандлик буюк маънавий муршид Хожа Аҳрор Вали билан учрашуви, ота-боладек қайноқ муносабати, узоқ давом этган мулоқотлари ҳақида ҳам қизиқарли маълумотларни берган. Бу мавзуда бошқа янги маълумотларни билмайман. Аммо бадиий адабиётда бир янги асар яратилди. Бу Иқбол Мирзонинг “Самарқанд сайқали” номли драмасидир. Албатта, бу илмий эмас, бадиий асар, унда бадиият талабларига риоя қилинган.
- Улуғ шоир ижоди ҳақида фақат 9 февраль санаси атрофида гапирилиши ғалатироқ эмасми?
- “Ғалат” – хато дегани. Тўғри айтдингиз, бундай қилиш хато, ҳузуримизда турган ҳикмат хазинасидан бебаҳра бўлиб яшаш – хато, мақолларга, ҳикматли сўзларга айланиб кетган панд-ўгитларни унутмоқ – катта хато. Ҳозир техника даври, янги-янги яратилмалар, технологиялар даври. Ёшларимизнинг қизиқишлари кўпроқ компьютер, интернет каби замонавий ахборот воситалари билан банд. Шеърият эса романтизм даври маҳсули. Навоий шу замонда, бизнинг давримизда яшаганида, шубҳа йўқ, асарларини романтик достонлар сифатида эмас, насрда, замонавий илмий услубда ёзган бўлар эди. Аммо бу дегани асло Навоий ўз даврида қолиб кетди, дегани эмас. Барча даврлар учун долзарб бўлган инсон муаммоларини кўтариб чиқдими – бу ижодиёт умрбоқий, муаммолар ечимини кўрсатиб бердими – бу ижодиёт умумбашарий! Масала шундаки, биз, катта авлод ёшларга ақли, онги, шуури, қизиқишлари техника билан банд бўлса-да, жисмидаги энг мўъжаз қароргоҳ – қалби ҳеч қачон темир каби қотиб, ғариблашиб қолмаслиги лозимлигини ҳар дақиқа уқдирмоғимиз лозим. Улуғ Ҳазрат асарларини ўқиб бермоқ, уқдирмоқ билан қалб-қўрларимиз – фарзандларимизнинг инсоний қиёфаси, пок фитратига нуқсон етмаслигига интилмоғимиз керак.
- Қаршида Абдулла Орипов мактаби, Фарғонада Эркин Воҳидов мактаби, Андижонда Муҳаммад Юсуф мактаби, Гулистонда Ҳалима Худойбердиева мактаби бор. Нега Самарқандда Алишер Навоий ижод мактабини ташкил қилиш мумкин эмас? Шу ҳақдаги фикрингиз?
- Тоғ ҳақида тоғ улуғворлиги, шукуҳига муносиб тарзда сўзланса ярашади, тепа ҳақида – тепага муносиб! Ҳозир сизнинг саволларингизга жавоб беряпману, вужудимда катта масъулият ҳиссидан ҳаяжон, қалбимда қўрқув бор. Чунки биз оддий бир ижодкор ҳақида эмас, бутун жаҳонни сўзи билан забт этган буюк шахс ҳақида гапиряпмиз! Самарқандда зарқалам аҳли бошқа шаҳарларга нисбатан кўпроқ ўтган. Ҳар бирларининг ижод мактабини ташкил этса ярашади.
Алишер Навоийга келсак, Туркияда Мавлоно Жалолиддин Румий ижодини тадқиқ этиш марказлари, институтлар, Германияда Гёте ижодиётини ўрганиш илмий-текшириш институти каби, яна мен билмаган шундай нуфузли илмий даргоҳлар муқобилида Самарқандда Алишер Навоий илмий-ижодий меросини ўрганиш илмий-тадқиқот институти ташкил этилса, мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман. Чунки бундай ишни амалга ошириш учун Самарқандда илмий муҳит, ғайратли тадқиқотчилар гуруҳи мавжуд.
- Ҳазрат Навоий ҳақида яна нималар дея оласиз?
- Ҳозир кўнглимда Ҳазратнинг: “Билгил ўз ҳаддингни-ю, беҳад риоят қил адаб”, деган сўзларини такрорлаб турибман. “Биз бу улуғ шахсни авлиё десак, у авлиёларнинг авлиёси, мутафаккир десак, мутафаккирларнинг мутафаккири, шоир десак, шоирларнинг султонидир!”. Бундан орттириб, нима ҳам дейиш мумкин? Навоий авлиё бўлмасалар, Ҳақ таоло умрларига, илмларига барака ато этиб, шу кунларга қадар номларини шарафлаб, раҳмат нурларини ёғдириб қўярмиди?! Ҳақ таоло бизни ақл неъматидан баҳраманд этиб, буюк бобокалонимиз ижодиётини ул зоти олийнинг шаъну шавкатига муносиб тарзда ўрганишимизни, элга ёйишимизни насиб айласин!
Ёрмамат Рустамов суҳбатлашди.