Аномал иссиқда “Тез ёрдам” хизматига мурожаат кўпайди
Ўзбекистонга Эрон ҳудудларидан иссиқ ва қуруқ ҳаво оқими кириб келиши натижасида 17 июлдан бошлаб юртимизда юқори ҳарорат кузатилмоқда.
Соҳа мутахассислари ушбу жазирама ҳафта давомида сақланиб қолиши, хусусан, 21-23 июль кунлари мамлакатимизда кундузи ҳарорат 43-45 даражагача, шимол, жануб ва чўл ҳудудларида эса 47 даражагача кўтарилишини тахмин қиляпти.
Албатта, бундай ноқулай иқлим, энг аввало, сурункали касаллиги бўлган, диспансер назоратида турувчи беморлар, ёш болалар, ҳомиладор аёллар ва кексалар саломатлиги учун хавф туғдириши мумкин.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотга кўра, юртимизда аномал иссиқ бошланган 17 июлдан бугун, 20 июль соат 06:00 га қадар Республика тез тиббий ёрдам хизматига жами 130 минг 115 та чақириқ келиб тушган.
Мурожаатчиларнинг 23 минг 421 нафарини қон босими кўтарилиши, нафас етишмовчилиги, астма хуружлари ва бошқа сурункали касалликлари бўлган беморлар ташкил этди. Уларнинг 4215 нафари эса госпитализация қилинди.
Шу ўринда аҳолидан жазирама пайти ташқарига чиқмаслик, тез-тез суюқлик ичиш, имкон қадар ёғли, дудланган таомлар тановул қилмаслик, аксинча, кўпроқ мева ва сабзавотлар истеъмол қилишни тавсия этилган.