Антисанитар ҳолат қандай юзага келади? “Мароқанд обод” вакиллари чиқиндилар билан боғлиқ муаммоларни маълум қилди
“Мароқанд Обод” давлат унитар корхонаси масъулларига кўра, қатор хусусий корхоналарнинг шартнома қилмаганлиги сабабли, уларнинг ҳудудидан маиший чиқиндилар олиб чиқилмайди. Натижада бундай корхоналар чиқиндини санитария қоидаларига зид равишда шаҳар кўчаларига ноқонуний чиқариб ташлаш ҳолатлари кузатилмоқда.
Шу ва бошқа соҳага оид муаммолар юзасидан Ўзбекистон экологик партияси вилоят кенгаши, вилоят экология бошқармаси ҳамда “Мароқанд обод” давлат унитар корхонаси мутасаддилари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Таъкидланишича, бугунги кунда аҳоли кўрсатилаётган хизматлар учун корхонадан 9,2 миллиард сўм қарздор. Шунингдек, тадбиркорларнинг қарзи 2,2 миллиард сўмдан ошган.
- Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги “Мароқанд Обод” ДУК корхонаси 2017 йилдан бошлаб қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиб кетиш билан шуғулланиб келади, - дейди корхона директори Р.Тўлқинов. - Бугунги кунда Самарқанд шаҳри ва туманидаги маҳаллаларга корхонанинг 130 та махсус транспорт воситалари хизмат кўрсатиб келмокда. Корхонага қарашли марказий чиқиндихонада 5 та махсус техника мавжуд. Бироқ техникаларнинг 31 таси носоз ҳолатда бўлиб, уларнинг 12 тасини таъмирлаш имкони йўқ. Самарқанд шаҳридаги 8 минг 847 та юридик шахснинг 23 таси билан хизматлар кўрсатиш бўйича шартномалар расмийлаштирилмаган.