Аскарларга имтиёзли тавсияномалар топширилди

Самарқанд гарнизонидаги Маънавият ва маърифат марказида муддатли ҳарбий хизматни муваффақиятли якунлаган аскарларга олий таълим муассасаларига киришда қўшимча балл берадиган ҳарбий қисм қўмондонлигининг имтиёзли тавсияномаларини топшириш тадбири бўлиб ўтди.

Тадбир дастлаб “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” шаклида ташкил этилди. Учрашувда муддатли ҳарбий хизматни якунлаётган ёш аскарлар ҳамда Маразий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони иштирок этди. Қўмондон аскарлар билан очиқ мулоқот қилиб, уларнинг хизмат жараёнига оид саволларига атрофлича жавоб берди ҳамда хизматни янада самарали ташкил этиш бўйича таклифларини тинглади.

Учрашув давомида қўмондон ўз ҳаёт йўли, ҳарбий хизматдаги фаолияти ва эришган тажрибаларини гапириб, ёшларга хизмат ва шахсий ривожланиш йўлида тавсиялар берди. Ҳарбий интизом, масъулият ва касбий маҳоратни оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади.

Шундан сўнг ҳарбий хизматни намунали ўтаган, тест синовларидан муваффақиятли ўтган бир гуруҳ муддатли ҳарбий хизматчиларга олий таълим муассасаларига кириш учун ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномалари топширилди. Ушбу тавсияномалар ёшларни ҳарбий хизматда эришган ютуқлари ва билимларини рағбатлантириб, уларнинг олий таълим олишлари учун қўшимча имкониятлар яратади.