Аср ошган газеталар

Бугун пойтахтимиздаги Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Зарафшон” газетасининг 110 йиллиги ва “Самаркандский вестник” газетасининг 105 йиллиги муносабати билан “Ҳаёт билан ҳамнафас” номли маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбир аввалида устоз журналистлар ўртасида шахмат мусобақаси ташкиллаштирилди. Шундан сўнг тадбирни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Абдусаид Кўчимов кириш сўзи билан очиб, газета таҳририяти ходимларини ушбу қутлуғ айём билан муборакбод этди.

Шунингдек, йиғилишда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид,  Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа сўзга чиқиб,  газеталарнинг жамиятдаги аҳамияти, Самарқанд журналистика мактаби ва унинг республикамиздаги ўрни хусусида сўз юритдилар.

- Зарафшон газетасининг тили адабий тилнинг ривожига катта ҳисса қўшган, -деди Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири Нодир Жонузоқ. – Газета назария ва амалиёт билан бирга уйғун бўлганида ривожланади. “Зарафшон” шундай мактабки, унда таҳсил олганларнинг кўпчилиги республика нашрларида ҳам ижод қилмоқда. Бизнинг ижодкор бўлишимизда ҳам газета бош муҳаррири Фармон Тошевнинг ҳиссаси катта бўлган.

Эътироф этиш ўринлики, Самарқанд нафақат адабий муҳити, балки журналистика мактаби билан ҳам республикамизда ўз ўрнига эга бўлган вилоятлардан саналади. Айнан газета ходимларининг ташкилотчилиги натижасида самарқандлик ижодкорлар, журналистлар, ҳатто олимларнинг антологияси яратилди. Газетада чоп этилган таъсирли, долзарб мулоҳазали мақолалар китоб ҳолига келтирилди.  

Ўзбекистон журналистлар уюшмаси Фарғона вилоят бўлими раиси Муҳаммаджон Обидов таҳририятга эсдалик совғасини топшираётиб, ''Зарафшон'' газетасининг 110 йиллиги,  ''Самаркандский вестник'' газетасининг 105 йиллигини Фарғонада ҳам нишонлашни режалаштираётганини таъкидлаб ўтди.

Маърифий тадбир якунида журналистлар ўртасида ўтказилган шахмат мусобақаси иштирокчиларига эсдалик совғалари топширилди.

 

Ў.Алимов, А.Содиқов (видео), ЎзА