Астероидлар қанчалик хавфли?

Аҳён-аҳёнда жаҳон матбуотида инсонларда катта қўрқинч ҳосил қилувчи хабарлар пайдо бўлиб туради. Нима эмиш, “Еримизга жуда катта космик жисм яқинлашиб келмоқда. Унинг Ер билан тўқнашиши эҳтимоли жуда катта. Агар тўқнашадиган бўлса, ана ундай бўлади, мана бундай бўлади” ва ҳоказо...

Бу гапларда қанчалик жон бор? Еримизга келиб уриладиган космик жисм ўзи нима? Албатта, бундай хабарларда бироз бўлса-да, жон бор. Инсоният тарихида бир неча бор космик жисмларнинг Ер билан тўқнашган пайтлари бўлган. Яқин-яқинларда Ерда охир замон (апокалипсис) юз беради деган хабарларни кўпчилигимиз эшитганмиз.

Масалан, шундай хабарлардан бирида 2012 йил декабрь ойида охир замон юз бериши тўғрисида дунёда қанчалик саросималар юзага келганди. Яна бир мисол, шундай хабарлардан бири 2004 йил матбуотда кўп муҳокамаларга сабаб бўлди. Бу хабарга кўра, Апофис номли астероиднинг Ер билан тўқнашиш эҳтимоли жуда катта бўлган. Олимларнинг айтишича, бу астероид Ер билан 2036 йилда тўқнашиши эҳтимоли юқори. Лекин бу астероид 2013 йил январида еримизга яқинлашиб, ундан 14 миллион километр нарида ўтгандан кейин НАСА олимлари келажакда бу астероиднинг ер билан тўқнашиши эҳтимолини энг минимумга туширишган.

Худо кўрсатмасин, мабодо бу астероид Еримиз билан тўқнашганда нима бўлиши мумкин эди? Бу астероиднинг диаметри 300 метр, оғирлиги 27 миллион тонна атрофида бўлган. Агар Ер сирти билан тўқнашганда эди. Бу тўқнашувдан 1717 мегатонна тротил эквивалентида (қарийб 1 триллион килокалория иссиқлик ёки АҚШнинг 1945 йилда Япониянинг Нагасаки шаҳрига ташлаган атом бомбаси 20 кт. қувватга эга бўлган бўлса. Демак, 85850 та шунақа бомба кучига эга бўлган) энергия ажралиб чиққан, тушиш нуқтаси - эпицентрдан 10 километр радиусда юзага келган зилзила Рихтер шкаласи бўйича 6,5 балл қувватга эга бўлган, портлашдан юзага келган шамолнинг тезлиги секундига 790 метрга етган бўларди.

Келгуси сафар худди шундай ўлчамдаги астероид 2027 йилда Ерга яқинлашади. Лекин мутахассисларнинг ҳисоб-китоби бўйича 2070 йилгача ҳеч қандай космик объект Ерга катта хавф тўғдирмас экан.

Биз томон учиб келадиган космик жисмларнинг номини астероидлар деб аташади. Астероидлар – улар қаттиқ тошлик жисмлар бўлиб, сайёралар каби Қуёш атрофида эллиптик орбиталар бўйича ҳаракатланади. Улар ўзларининг ўлчамлари бўйича сайёралардан анча кичик бўлгани учун уларни кичик сайёралар ҳам деб аташади. Астероидларнинг диаметри бир неча ўн метрдан 1000 километргача бўлади. "Астероид" атамаси “юлдузсимон” деган маънони англатиб, биринчи марта XVIII асрнинг машҳур астрономи Уильям Гершел томонидан фанга киритилган. Шу кунгача маълум бўлган астероидлар Марс ва Юпитер орбиталари орасида Қуёшдан 2,2-3,2 астрономик бирликда (1 астрономик бирлик = 150 миллион километр) масофаларда жойлашган орбиталарда ҳаракат қилишади.

Ҳаммаси бўлиб ҳозирги кунда тахминан 20000 астероид кашф этилган. Буларнинг барчаси астероидлар белбоғи деб аталувчи ҳалқа ичида ўртача 20 км/сек. тезлик билан Қуёш атрофини 3 йилдан 9 йилгача бўлган вақт ичида бир марта айланиб улгуришади. Айланиш орбиталари бўйича орбиталари астероидлар белбоғининг ички чегарасидан Қуёшга яқинроқ жойлашган астероидлар уч гуруҳга бўлинади: Амур гуруҳи, Аполлон гуруҳи ва Атон гуруҳидаги астероидлар. Амур гуруҳидаги астероидлар Ер орбитасига яқинлашади, лекин у билан кесишмайди. Аполлон гуруҳидаги астероидлар орбиталарининг катта бўлмаган қисми Ер орбитасининг ичида жойлашган бўлади. Атон гуруҳидаги астероидлар кўп “вақти”ни Ер орбитасининг ичида ўтказади. Шу сабабли охирги икки гуруҳ астероидларининг сайёрамиз билан тўқнашуви эҳтимоли катта ҳисобланади.

Астероидлар қандайдир сабабларга кўра ўз орбиталарини ўзгартириб, Ер атмосферасига кириб келадиган бўлса, улар бизга шар олов бўлиб кўринади ва болидлар деб аталади. Ер атмосферасининг зич қатламларига киргач, атмосферанинг кўрсатган кучли қаршилиги туфайли бу жисмлар ўзларининг ўта қизиб кетишлари натижасида парчаланиб кетади ва улкан товуш чиқариб, Ерга қулаб тушади. Бундан ҳосил бўлган парчалар метеоритлар деб аталади. Кичик ўлчамларга эга бўлганлари эса Ер атмосферасида бутунлай эриб, буғланиб кетишади.

Метеоритлар уч турда бўлади: тошли, темирли ва темирли-тошли. Одатда метеоритларни улар Ерга тушгандан кўп вақтлар ўтгандан кейин топишади. Топилган метеоритларнинг кўпи темирли метеоритлар бўлади. Улар таркибидаги радиоактив элементларнинг ва қўрғошиннинг бўлишига қараб метеоритларнинг ёшлари аниқланади. Бундай ёш турли метеоритларда турлича бўлади. Лекин энг кўп ёш 4,5 миллиард йил бўлиши мумкин. Айрим улкан метеоритлар катта тезлик билан Ерга тушиши ҳам мумкин. Улар Ер атмосферасига бундай катта тезлик билан кириб келаётганларида жуда қизиб кетади ва унинг таркибидаги айрим моддалар эриб, қорайиб қолади. Ана шундай қорайиб Ерга тушган “қора тош” метеоритнинг катта бўлаги   Маккага қўйилган ва мусулмонларнинг сиғиниш объектига айланган.

Метеоритлар тушганда Ойдаги кратерларга ўхшатиб, улкан кратерларни ҳосил қилади. Дунёнинг бундай энг катта ва яхши ўрганилган кратерларидан бири АҚШнинг Аризона штатидаги Дэниел Бэрринжер кратери ҳисобланади. Бу кратер бундан 50000 йил олдин юзага келган бўлиб, унинг диаметри 1219 метр, чуқурлиги 229 метрга тенг. Портлаш вақтида ундан отилиб чиққан  тупроқ кратер атрофидаги текисликдан 46 метрли тепалик ҳосил қилган. Бу кратер фан оламига фақат 1891 йили маълум бўлган.

Олимларнинг ҳисобига кўра, бундай кратерни юзага келтирган космик объектнинг диаметри 50 метр бўлиши, Ер сатҳига 45-60 км/сек. тезлик билан келиб урилиши ва портлаш вақтида 150 Мт тротил эквивалент энергия чиқариши керак ёки АҚШнинг 1945 йилда Япониянинг Нагасакига ташлаган атом бомбаси қувватидан 8000 марта кучли қувватга эга бўлган. Кратер ичидан ва ташқарисидан кўплаб топилган темир никелдан ташкил тoпган парчалар бу кратернинг метеорит томонидан юзага келтирилганлигини тасдиқлаган. Ҳозирги вақтда бу кратер сайёҳларни ўзига жалб қиладиган объектга айланган.

Вақтида (динозаврлар яшаган вақтларда) бундан-да улкан астероиднинг Еримизга қулаб тушганлиги ва қисқа вақт ичида динозаврларнинг қирилиб кетганлиги тўғрисида ҳам фанда маълум бир асослар бор. Уларнинг суяклари 65 миллион йилдан ортиқ бўлган геологик қатламларда учрайди. Ундан кейинги қатламларда мутлақо учрамайди. Бундан шундай хулосага келинганки, бундан 65 миллион йиллар олдин Ерга жуда катта астероид қулаган, ундан атмосферага чанг булутлари кўтарилган. Оқибатда Ерга келаётган Қуёш нурлари кескин камайган. Дастлаб динозаврлар озиқланадиган ўсимликлар, кейин эса динозаврларнинг ўзлари йўқ бўлиб кетган.

Ернинг космик жисм билан навбатдаги тўқнашуви 1908 йилнинг 30 июнида Сибирнинг Подкаменная Тунгуска дарёси тепасида содир бўлган ва бу тўқнашув Тунгус феномени ёки тунгус метеорити деб аталади. Ўша куни эрталаб соат 7 дан 14 дақиқа ўтганда катта олов билан қуршалган силиндрсимон жисм осмонда баланд хуштаксимон товуш билан Ер атмосферасига кириб келган ва кучли портлаган. 50 мегатонналик (бу дегани 2500 дона Нагасаки устида портлаган атом бомбасига эквивалент) куч билан портлашдан юзага келган зарба тўлқинини бутун жаҳон обсерваториялари қайд қилган. Портлаш эпицентридан юзлаб километрлар наридаги иморатларнинг деразалари синиб отилиб кетган. 2000 километр квадрат майдондаги 80 миллион дарахтлар илдизи билан қўпорилиб, эпицентр  атрофига “чизилган” айлана ёйига тик равишда ётиб қолган. Эпицентрда қолган дарахтларнинг шохлари ва пўстлари узилиб, дарахтнинг ўзи куйиб, устунга айланган. Ҳосил бўлган Ер силкиниши ер шарини икки мартаба айланиб чиқишга улгурган. Портлашдан кейин бир неча кун давомида Атлантикадан то Марказий Сибиргача бўлган ҳудудда осмон интенсив шуълаланиб турган. Портлаш вақтида осмоннинг ёритилиши шу даражада бўлганки, айтайлик портлаш Москва устида бўлса, ундай пайдо бўлган ёритилганлик Белоруссиянинг, Болтиқ денгиз бўйи давлатларининг ва Украина ҳудудининг кечасини кундузга айлантирганлик даражасида бўлган. Портлашдан кейин 5 соат давом этган магнит бўрони кузатилган.

Ҳалокат районига бир қанча бор совет ва хориж давлатларининг илмий экспедициялари ташкил қилиниб, бўлиб ўтган фожиа тафсилотлари ўрганилган. Барча ўрганишлар шуни қайд этганки, ҳалокат эпицентрида ҳеч қандай кратер ҳосил бўлмаган, ҳодиса эпицентирида ҳам, унинг атрофида ҳам биронта метеорит парчалари топилмаган. Бундай натижа ҳалокатнинг асосий сабабчиси бирор метеоритнинг ер билан тўқнашувидан юзага келмаганлигини кўрсатган. Агар бирор кометанинг ер билан тўқнашуви натижаси дейилса, кометанинг кузатилган осмон чарақлашини юзага келтиролмаслигига сабаб бундай хулоса қилиш имконини бермаган.

Хуллас, Тунгус феномени табиати тўғрисида ҳозирги пайтгача 77 та гипотезалар мавжуд бўлишига қарамасдан, унинг асосий сабаби ҳозиргача номаълумлигича қолмоқда. Шундай гипотезалар ичида Никола Тесланинг бу ҳолактни ташкил этишда қўли бор деган фикр ҳам йўқ эмас. Лекин бу ҳақда бошқа мақолада сўз юритамиз.

Яқинда, 2013 йилнинг 15 мартида соат 9 дан 20 дақиқа ўтганда Россия Федерациясининг Челябинский шаҳрига диаметри 17 метр, оғирлиги 10 минг тонна бўлган астероид секундига 18 километр тезлик билан Ер атмосферасига кириб, 25 километр баландликда портлаб кетгани ҳаммамизга маълум. Унинг портлашидан 440 килотонна (демак, Нагасакига ташланган атом бомбадан 22 донасининг портлашига тенг) энергиялик зарба юзага келган ва бу зарбадан кўплаб иншоотлар ва одамларга шикаст етган.

Ўрни келганда, шу замин яшовчи инсонлардан бири сифатида Ерга фазодан келадиган катта хавф тўғрисида фикримни айтиб ўтмоқчиман. Жаҳон олимлари бу хавф тўғрисида кўпдан бери мулоҳаза юритиб келади. Ер томон келаётган ва Ер билан тўқнашиши мумкин бўлган объектларни ундай қилиб ёки бундай қилиб уни Ерга туширмасдан, фазонинг ўзида йўқ қилиб юбориш мумкин, дейишади. Лекин кунларнинг бирида бундай хавф реал ҳақиқатга айланса-чи?

Коронавирус бу Хитойдан чиқди, бизга алоқаси йўқ, деган яна катта хатога йўл қўйилмайдими, деган хавотирлар ҳам йўқ эмас. Шунинг учун жаҳон олимлари турли сиёсатларни бир четга қўйиб, реал режасини тузиб ва унга тайёргарлик кўриши, ҳар қандай хавфнинг олдини олиши лозим. Бундай хавфни биргина давлатнинг бартараф этиши, қийин масала.

Интернет материаллари асосида СамДУ профессори Ортиқ ПАРДАЕВ тайрлади.