Августда қишлоқ хўжалиги лойиҳалари бўйича йирик халқаро ҳамкорлар Иштихонга келиши кутилмоқда
Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижадорлиги билан яқиндан танишиш мақсадида амалий ташриф билан Самарқанд вилоятида бўлиб турибди. Вазир ташриф дастурига асосан навбатдаги манзил - Иштихон туманидаги “Shanxi HDN organik agrocultural” МЧЖ томонидан янги ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қуритиш, қайта ишлаш ва экспортга йўналтириш корхонасининг қурилиш жараёни билан танишди.
Корхона фаолият йўналишидан келиб чиқиб бу ерда 3 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу лойиҳаларни ишга туширишдан кўзланган мақсад қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жаҳон бозорлари талабларига мос ҳолда қайта ишлаш, қадоқлаш ва экспортга йўналтиришдан иборат.
Вазир Иброҳим Абдураҳмонов ушбу лойиҳалар юзасидан мутасаддилар билан фикр алмашар экан, юртимизнинг қулай иқлими туфайли мева-сабзавотларимизнинг мазаси ўзгачалигини, шу боис жаҳон бозорида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларимизга талаб анча юқори эканлигини таъкидлаш билан бирга, дунё миқёсида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қўшилган қиймат занжирини яратиш, мамлакатимизга кириб келаётган валюта оқимини оширишда ушбу лойиҳаларнинг аҳамияти ҳақида батафсил тўхталди.
“Ishtixon emin import group” лойиҳасининг қиймати 4 млн. АҚШ доллар бўлиб, 100 фоиз хорижий инвестиция маблағи ҳисобланади. Дастлаб, бу ерда 20 та иш ўрни яратилади. Мазкур лойиҳа жорий йилнинг октябр ойида ишга туширилиши режалаштирилган. Унда Хитой Халқ Республикаси хорижий ҳамкор сифатида иштирок этмоқда. Лойиҳанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 3 минг тонна тайёр маҳсулотга тенг бўлиб, қиймати 45 миллиард сўмни ташкил этади.
Шунингдек, “Henfeng foods” лойиҳасининг умумий қиймати 10 млн. АҚШ долларни ташкил этади. Бу лойиҳада 30 та иш ўрнини яратиш режа қилинган бўлиб, жорий йилнинг сентябр ойида ишга туширилиши кўзда тутилмоқда. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати қиймати 75 млрд сўмлик 6 минг тонна маҳсулотни ташкил этади.
“Иштихон метан агро саноат” лойиҳасининг қиймати эса 1 млн. АҚШ доллари бўлиб, йиллик ишлаб чиқариш қуввати 15 млрд сўмлик 1,5 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришга тенг. Бу лойиҳада дастлаб 15 та иш ўрни яратилади. Лойиҳа жорий йил ноябрь ойида ишга туширилиши режалаштирилган. Бугунги кунда маҳаллий ҳамкор томонидан амалга ошириладиган ишлар тўлиқ бажарилган бўлиб, жорий йилнинг август ойида хорижий ҳамкорларнинг Иштихон туманига ташрифи кутилмоқда.