Автоҳалокатга учраган одам суғурта пули олиш учун нима қилиши керак?
Бизда аксарият ҳолларда суғурта хизматларига ишонч паст. Бунга сабаб нима? Юртимизда, шу жумладан вилоятимизда аксарият одамлар автомашинани суғурта қилдиришнинг ҳеч қандай фойдаси йўқ, деб ўйлайди. Хўш, бунга “Ўзагросуғурта” компанияси вилоят филиали раҳбари Анвар Болиевнинг жавоби қандай?
Ривожланган давлатларда жисмоний ва юридик шахслар мол-мулки ва бошқа воситаларини эҳтимолий хавфлардан суғурта қилдириб қўяди. Бу орқали кутилмаганда юз берган кўнгилсизлик туфайли етган зарар ўрнини қоплашга одатланган.
Бизда эса аксарият ҳолларда суғурта хизматларига ишонч паст. Бунга сабаб нима? Юртимизда, шу жумладан вилоятимизда аксарият одамлар автомашинани суғурта қилдиришнинг ҳеч қандай фойдаси йўқ, деб ўйлайди. Хўш, бунга “Ўзагросуғурта” компанияси вилоят филиали раҳбари Анвар Болиевнинг жавоби қандай?
- Назаримда, бу аввало одамларимизнинг ҳуқуқий саводхонлиги билан боғлиқ. Негаки, “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғуртаси тўғрисида”ги қонун 2008 йилда қабул қилинган. Бироқ орадан 13 йил ўтган бўлишига қарамай кўпчилик автомашинани суғурта қилдириш фалокатлар туфайли кўрилган зарарни қоплашда ҳеч фойдаси йўқ, деб ўйлайди.
Бунда, аввало, транспорт воситасини қандай ҳолатлардан суғурта қилганлигини билиб олиш талаб этилади.
Қонунда асосан жабрланган фуқаронинг манфаати кўзланган бўлиб, олиб борилган 40 миллион сўм миқдоридаги жавобгарликнинг 35 фоизи (яъни, 14 миллион сўм) гача жабрланувчининг мол-мулкига, 65 фоизи (яъни, 26 000 000 сўм) ҳаёти ва соғлиғига ҳар қандай ҳолатда тўланиши назарда тутилган. Суғурта учун атиги 40 минг сўм маблағ тўланади.
- Дейлик, ҳайдовчи кутилмаганда автомашинасини бошқа бир транспорт воситасига уриб олди. Бундай ҳолатда етказилган зарарни қоплашда суғурта компаниясидан умид қилса бўладими?
- Албатта. Бунинг учун фуқаро аввало суғурта полиси нусхасини тақдим қилади. Шунингдек, мол-мулкка зарар етказилганлиги фактини ва зарар миқдорини тасдиқловчи ҳужжатлар (тижорат далолатномалари, юк хатлари, асосий воситалар дафтаридан кўчирмалар, тўлов ҳужжатлари, хизматлар кўрсатиш ва ишлар бажариш учун тузилган шартномалар, мол-мулкни мустақил баҳолаш далолатномалари ва бошқа шу кабилар)ни илова қилади.
Бундан ташқари, жабрланувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат ҳам тақдим қилинади.
Агар суғурта товони жабрланувчининг меросхўрларига ёхуд ҳуқуқий ворисларига тўланиши керак бўлса мерос ҳуқуқини ёки ҳуқуқий ворислик, шунингдек меросхўрларнинг шахсини ёки ҳуқуқий ворисларнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар талаб қилинади.
- Суғурта компаниясига унинг мижози билан боғлиқ транспорт ҳодисасидан жабрланувчи етказилган зарарни қоплаш ҳақида даво киритиши ҳам мумкинми?
- Бундай ҳолатлар ҳам учраб туради. Жабрланувчи ёки унинг ишончли вакили ёхуд унинг ҳуқуқий ворислари томонидан суғурта тўлови тўғрисидаги талаб кўрсатилган ариза билан мурожаат қилинади.
- Гапларингиздан автомашинани суғурта қилдириш, умуман, суғурта хизмати бахтсиз ҳодисаларда суғурта қилинган шахсга зарарни қоплашда яқин кўмакчидек туюлаяпти. Юқоридаги маълумотларингиз бўйича аниқ рақам ва мисоллар айтиб бероласизми?
- Бунда кўплаб фактларни келтириб ўтишим мумкин. Мисол учун, Каттақўрғон шаҳри, Истиқлол кўчасида яшовчи М.Абдураҳмонова 2019 йил 17 мартда ўзи яшаб турган манзилдаги бўлимимизда “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш” бўйича суғурталанган. У 2020 йил 6 августда “Z.SH” МЧЖга тегишли “Кобальт” русумли транспорт воситасини бошқариб Каттақўрғон шаҳрида содир этган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида бошқа бир фуқаро бошқарувида бўлган “Ласетти” русумли автомашинага зарар етказган.
Етказилган зарар учун 14 миллион сўм суғурта товони тўланди.
Яна бир мисол фуқаронинг ўлимига сабаб бўлган автоҳалокат билан боғлиқ. Бунда “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш” бўйича Пахтачи туман бўлинмасида суғурталанган фуқаро транспорт воситаси билан содир этган йўл транспорт ходисаси натижасида Пўлатчи қишлоғида яшовчи шахснинг вафот этишига сабаб бўлган.
Ҳодиса юзасидан тақдим этилган ҳужжатларга асосан вафот этган фуқаронинг ҳуқуқий ворисига 26 миллион сўм суғурта товони тўлаб берилган.
Ёқубжон Марқаев.