Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат

Президентимизнинг Олий Мажлисга ва халқимизга навбатдаги Мурожаатномасида мамлакатимиз тараққиётига дахлдор бир қатор муҳим масалалар кўтарилиб, Ўзбекистон истиқболининг олтита йўналиши ҳақида сўз борди.

Очиғи, ривожланган демократик давлатларда бундай амалиёт кенг урфга айланган. Мисол тариқасида АҚШда ҳар йили Президентнинг Конгрессга мурожаат қилиши одат тусига кирган. АҚШнинг биринчи Президенти Жорж Вашингтон 1790 йил Парламентга илк марта мурожаат йўллаган. Худди шу каби амалиёт Россия Федерациясида ҳам мавжуд. Президент ҳар йили Федерал Мажлисга мурожаат йўллайди.

Мамлакат раҳбарларининг Парламентга мурожаат йўллашидан умумий мақсад давлатларнинг муайян муддат давомидаги тараққиёт йўналишини белгилаб, ушбу йўналишларни қонуний нормалар орқали амалиётга татбиқ этишдан иборатдир.

Мурожаатномани тайёрлаш катта, кенг қамровли ва пухта ишдир. Унда кўтариладиган масалаларнинг ҳар бири чуқур ўрганилган ва асослантирилган маълумотлар орқали таҳлил қилиниб, бунда албатта, халқнинг фикри ва таклифлари ҳам инобатга олиниб, қарор қабул қилиниши жуда муҳим ҳисобланади. Сабаби, Мурожаатномада белгиланган вазифалар ҳамда қабул қилинган қарорлар мамлакатнинг келгусидаги тараққиёт йўлини белгилайди. Парламентга Мурожаат шунчаки Давлат раҳбарининг мамлакатга қилган нутқи ва “қандайдир имтиёзлар” ваъдаси эмас. Унда мамлакат тараққиёти йўналиши, унинг иқтисоди ва албатта, асосий вазифа – фуқаролар фаровонлигини ошириш ҳал қилиниши керак. 

Президентимизнинг бу йилги Мурожаатномасида ҳам бош ғоя “Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат” ғояси илгари сурилди ҳамда уни Конституциямиз ва қонунларимизда ҳам мустаҳкамлаб, кундалик ҳаётимизга чуқур сингдиришимиз лозимлиги қайд этилди. Шу боис ҳам ўтган йилнинг мантиқий давоми сифатида, шунингдек, Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсатининг марказида инсон ва унинг манфаатларини таъминлаш устувор вазифа эканлигини инобатга олган ҳолда 2023 йилга юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”, деб ном берилишини жамоатчилик вакиллари бир овоздан қўллаб-қувватлади. Сабаби, бу сиёсат бир йил билан чекланиб қолмаслиги, доимо бардавом бўлиши керак.

Мурожаатномадан ўрин олган олтита йўналишдаги устувор вазифалардан дастлабгиси ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимига ўтиш деб белгиланди. Чунки қолган бешта йўналишдаги вазифаларни амалга оширишда замонавий давлат бошқаруви, тажрибали раҳбар кадрлар ва самарали менежмент керак бўлади.

Президентимиз илгари эътибордан четда қолиб, “йўқ бўлиб кетиш” арафасида бўлган соҳаларни “оёққа турғизиш” учун олти йил давомида янги вазирлик ва идораларни ташкил қилишга тўғри келганлигини, акс ҳолда ҳозирги ютуқларимиз бўлмаслигини таъкидлаб ўтдилар.

Давлатимиз раҳбари томонидан эндиликда соҳадаги ютуқларимизни янада кенгайтириш ва ривожлантириш мақсадида “ҚЎЛ БОШҚАРУВИ”дан – аниқ натижага ишлайдиган “ТИЗИМЛИ БОШҚАРУВ”га ўтиш вақти келганлигини алоҳида белгилаб бердилар. Давлат бошқарув органларида бир-бирининг вазифа ва функцияларини такрорлайдиган ортиқча штатларнинг мавжуд эканлиги, марказлашув ўта даражада юқорилиги, бунинг оқибатида бугунги мураккаб масалаларга тўғри ечим топиш учун ортиқча вақт, куч ва ресурс сарфланаётганлиги оғриқли муаммоларимиздан бири эканлиги таъкидланди.

Ҳақиқатан ҳам, бугунги кунда вазирларнинг Ҳукумат қабул қилаётган қарорларни тайёрлаш ва ҳаётга жорий этишдаги иштироки ва масъулияти етарли эмас. Энди вазирларнинг бундай эскича усулда ишлашига йўл қўйилмаслиги, эндиликда вазирларнинг ўз соҳаси бўйича узоқни кўзлаган аниқ ёндашувлари бўлиши лозимлиги қайд этилди. Шу мақсадда янги маъмурий ислоҳотлар тўғрисидаги фармон имзоланди. Бунда вазирликлар сони камайтирилиши, уларнинг иш услублари ҳам тубдан ўзгартирилиши белгиланди. Ўз соҳасининг чуқур билимдони бўлган, фидойи ва халқ дарди билан яшайдиган вазирларгина ишда қолиши таъкидланди. Давлат хизматчилари сонини ҳам босқичма-босқич 30-35 фоизга камайтириш, бунда албатта, чуқур ўйлаб қарор қабул қилиш, давлат хизматчилари сонини оптималлаштиришда бир-бирини такрорлайдиган вазифаларни бажараётган лавозимларни бирлаштиришга ва ушбу лавозимда энг муносиб, фидойи, халқига садоқатли ходимни меритократия тамойили асосида ишда олиб қолиш чораларини кўриш талаб этилади. Бунда таниш-билишчилик, маҳаллийчилик, коррупция каби салбий иллатларга асосланиб эмас, балки ходимнинг билими ва салоҳиятига таяниб қарор қабул қилиниши лозим. Ходимлар сонини оптималлаштириш орқали иқтисод қилинган маблағлар ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилиши белгиланди.

Президентимиз ўз нутқларида бу йил “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги янги қонунни қабул қилинганлигини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтди. Ушбу янги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат барча давлат фуқаролик хизматчилари учун дастуриламал бўлиб хизмат қилиши, 

36 миллиондан зиёд халқнинг кайфиятига бевосита таъсир кўрсатадиган қонун, десак муболаға қилмаган бўламиз. Зеро, ушбу қонунда давлат фуқаролик хизматчиси ҳуқуқий мақоми, давлат фуқаролик хизмати тушунчаси, унинг тизими, хизматга кириш, уни ўташ, хизматни тугатиш, рағбатлантириш ва интизомий чоралар белгилаш, малака даражалари бериш, давлат фуқаролик хизматчиларининг меҳнатига ҳақ тўлаш, фаолият самарадорлигини баҳолаш каби нормалар ўз аксини топди. Қонунга мувофиқ, бундан буён барча давлат фуқаролик хизмати лавозимларига фақат танлов асосида ишга қабул қилиниши мустаҳкамланди. Бу меъёр давлат бошқарув органларига ишга қабул қилишда адолат, шаффофлик ва тенглик тамойиллари ўрнатилишига асос бўлади. Бундан ташқари, барча раҳбарлар фаолияти самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаб борилиши белгиланди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг ҳар йили Парламентга Мурожаатномаси мамлакатимизнинг келгусидаги тараққиётини белгилаб берадиган асосий ҳужжат бўлиб, унда белгилаб бериладиган вазифалар ҳар бир раҳбарнинг йил давомидаги асосий иш режаси ҳамда мамлакатни ривожлантиришдаги асосий “йўл харита”си саналади. 

Х.Назаров,

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги

Самарқанд вилояти филиали раҳбари.