Телефон – энага, интернет – тарбиячи(ми?)

Бугун жамиятимизнинг энг катта муаммоларидан бири – ёш оилаларнинг фарзанд тарбиясига етарлича эътибор қаратмаётганида. Кўчада, автобусда ёки уйда бўладими, ҳар қадамда телефонга берилган ота-онани учратамиз. Бир қўлида смартфон, иккинчи қўлида йиғлаётган бола. Гўё телефон – энага, интернет – тарбиячига айланди. Бу қачонгача давом этади?

Айрим ота-оналар худди ёш боладай. Ҳаётнинг оғирлиги, турмуш харажатлари уларни молиявий муаммолар гирдобига тортиб кетяпти. “Фарзандимни тарбиялай оляпманми” деган савол кўпчиликнинг хаёлига ҳам келмайди. Пул топиш – аксариятимизнинг мақсадимизга айланган. Афсуски, пул билан бола камолга етмайди. Пул кийим беради, овқат беради, аммо виждон бермайди, меҳр бермайди, тарбия бермайди...

Ижтимоий тармоқларда “сторий”лар, “лике”лар ортидан қувиб, соатлаб экран қаршисида ўтираётган онанинг боласига меҳр беришга вақти етмайди. Ота эса иш баҳона кун бўйи кўчада, кечқурун у ҳам телефон билан машғул. Оқибатда боланинг қалбида бўшлиқ пайдо бўлади. Ўша бўшлиқ эса ёмон кўчаларга, бегона таъсирларга, ёлғонларга етаклайди. Шундай қилиб келажакни қўлдан бой беряпмиз.

Нега боламизни телефон, ижтимоий тармоқ тарбиялаши керак? Ота-оналик бола туғишгина эмас, уни инсон қилиб тарбиялаш ҳамдир.

Хўш, бу муаммоларга ечим борми? Албатта бор. Аввало, ота-оналар ўзини тарбиялаши керак. Телефонни бир четга қўйиб, фарзанди билан суҳбатлашсин. Кечқурун бола ёнида ўтириб эртак ўқисин, мактаб дарсларини сўраб турсин, боласи билан сайр қилсин. Оддий кўринган бу ишлар аслида энг буюк тарбия воситаси.

Жамоат ташкилотлари ҳам ота-оналар учун маънавий-маърифий семинарлар, тренинглар ташкил этса, фойдадан холи бўлмайди. Чунки бола тарбияси оиланигина эмас, жамиятнинг келажагини белгилайди. Ёш оилаларга молиявий ёрдам бериш, фарзандлар учун бепул тўгараклар, спорт ва санъат марказлари ташкил этиш лозим.

Фарзандимизнинг қўлига телефон бериб, “жим юр” деяверганимиз билан жамиятни жимликка ўргатиб бўлмайди. Чунки бугунги бепарволик эртага ижтимоий фалокатга олиб келади.

Телефон эмас, меҳримиз, тарбиямиз фарзандимизнинг келажагини белгилайди.

Ноила ОЧИЛОВА,

СамДЧТИ катта ўқитувчиси.