Университет олимаси қурилиш чиқиндиларидан қурилишбоп материал ихтиро қилди

Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети доценти, экология жонкуяри Гулмира Келдиёрова ана шундай натижага эришди.

Олима илмий тадқиқотларининг асосини атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш корхоналаридан атмосферага чиқарилаётган зарарли моддалар таъсирини камайтириш каби масалалар ташкил этади. Бу борадаги изланишлари яхши натижа берди. Масалан, корхоналарда чангни тозалаш учун янги турдаги ускуналар яратди ва айни пайтда улардан шифер, асфальт бетон ишлаб чиқариш корхоналарида иккинчи босқичли тозалаш ускунаси сифатида фойдаланилмоқда. Шу каби ихтиро ва янги лойиҳалари учун 3 та патент, бир нечта халқаро ва маҳаллий грантлар соҳибаси бўлган.

– Юртимизда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш саноати ривожланиб, ишлаб чиқариш қувватлари ошиб бормоқда, – дейди у. – Шу билан бирга бу корхоналарнинг атроф-муҳитга салбий таъсири ҳам кўпаймоқда. Ана шу таъсирни камайтириш ва чиқиндисиз технологиялардан кенг фойдаланишда ишлаб чиқариш чиқиндиларини саралаш ва уларни рекуперация қилиш муҳим аҳаямиятга эга. Шу мақсадда олиб борилаётган илмий изланишларимда қурилиш чиқиндиларини қайта ишлаган ҳолда, иккиламчи маҳсулот сифатида қурилиш соҳасида фойдаланишни тадқиқ қилдим. Яхши биламиз, ҳозир қурилиш материаллари ишлаб чиқариш корхоналарида ёки махсус чиқинди полигонларида бир неча минг квадрат метр майдонда қурилиш чиқиндилари тўпланиб қолган. Ва афсуски, улардан фойдаланиш ёки қайта ишлаш бўйича кўзга кўринарли лойиҳалар мавжуд эмас. Бизнинг тадқиқотимиз айнан шу чиқиндиларни қайта ишлаб, иккиламчи маҳсулот тайёрлашга қаратилган. Бу борада олиб борган изланишларимиз, турли соҳа вакилларининг хулосалари асосида чиқиндидан қурилиш материали тайёрлашга эришдик. Янги турдаги маҳсулотни ишлаб чиқаришда сув ва тупроқ ресурсларига эҳтиёж бўлмайди. Лекин маҳсулотнинг сифати ва фойдаланиш даврининг узоқ муддатлилиги ва энг муҳими, арзонлиги  унга талабни оширади.

Янги маҳсулотни яратиш ва синов жараёнларида Г.Келдиёрова вақтини лабораторияларда, ишлаб чиқариш корхоналарида, олима аёллар гранти ҳисобига ташкил этилган устахоналарда ўтказди. Лекин олима бошқа пайтларда ҳам ёнида қандайдир чиқинди қотишмаси ёки контейнерчада чиқиндилар қоришмасини кўтариб юрганида айримлар унга бошқача қарагани, уддасидан чиқиб бўлмайдиган ишга уриняпсиз, деб очиқча айтганларида ҳам изланишлардан тўхтамади. Тадқиқотлар натижа бериб, чиқиндидан маҳсулот ишлаб чиқарилиб, уч марта экспериментдан муваффақиятли ўтгач, патент олиш учун Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигига ҳужжат топширди.

– Маҳсулот патентлаштирилгач, корхона очиб, ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчимиз, – дейди Гулмира Келдиёрова. – Келгусида қурилиш чиқиндиларидан яна бир неча турдаги иккиламчи маҳсулотлар олиш борасида изланишларни давом эттирамиз. Бундай ихтироларим орқали табиий ресурсларни тежаш, чиқиндисиз технологияларни янада такомиллаштиришни кенг йўлга қўймоқчиман.