Аввал тест, сўнг танлов: Бу нима дегани?

2024-2025 ўқув йили учун давлат олий таълим муассасаларига ўқишга кириш имтиҳонларида янгиликлар бор. Тест синовлари қандай ўтказилиши ва қай тартибда олиниши борасида Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Самарқанд вилояти бўлими бошлиғи Воҳид СИРЛИБОЕВга бир қанча саволлар билан мурожаат қилдик.

- Воҳид ака, бу йилги тест жараёнлари қачондан бошланади? Жорий йилда давлат олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари қандай тартибда олинади?

- Бу йилги қабул жараёни икки босқичда амалга оширилади, биринчи босқичда абитуриентлар 5 июндан 25 июнгачада онлайн рўйхатдан ўтади. Улар рўйхатдан ўтишда фанлар мажмуаси, таълим тили, тест топшириш ҳудудини танлайди. Тест синовлари июль-август ойларида ўтказилиши режалаштирилмоқда. Тест синовлари тўлиқ якунлангач, 15 кун муддатда иккинчи босқич амалга оширилади. Бунда абитуриентларга олий таълим муассасаси, таълим йўналиши, таълим шакли, танлов устуворлигини танлаш имкони берилади.

2024-2025 ўқув йилидан бошлаб давлат олий ва профессионал таълим муассасаларига (касб-ҳунар мактаби бундан мустасно) қабул қилиш бўйича имтиҳонлар “аввал тест, сўнг танлов” тамойилига мувофиқ бир вақтда ўтказилади. Бунда абитуриентлар ўз танловига кўра тест синови натижасида тўплаган балидан келиб чиқиб, дастлаб олий таълимнинг бакалавриат таълим йўналишларига, сўнг профессионал таълим муассасаларига ўқишга кириш учун танловда иштирок этади. Яъни, абитуриентларга аввал тест синовларида ўз билимларининг балини билган ҳолда, сўнгра ўзлари хоҳлаган таълим йўналишларини танлаш имконияти бериляпти.

Бу йилги тест синовларида абитуриентлар олдинги йилдаги каби иккита асосий фан ва учта мажбурий фанлардан тест топшириқлари топширади. Баҳолаш мезонлари ўзгаришсиз қолдирилган.

- Тест синовларида иштирок этиши учун абитуриентлар қандай ҳужжатлар топшириши керак? Кимлар ҳужжат топширишда тўлов қилади?

- Абитуриентлар тест синовларида иштирок этиш учун онлайн рўйхатдан ўтиш жараёнида паспорт, тўлиқ ўрта маълумот тўғрисидаги аттестат ёки диплом, имтиёз берувчи сертификат ёки тавсияномаларини илова қилишлари керак бўлади. Бу йилги қабул жараёнларида ҳам олдинги йиллардаги каби жорий йил битирувчилари, ногиронлиги бўлган, тўлиқ давлат таъминотидаги, ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган шахслар ва уларнинг фарзандлари, “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар ҳам тест синовлари учун тўловдан озод қилинади. Юқорида келтирилган тоифадан бошқа абитуриентлар тест синовларида қатнашиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг ярим баравари миқдорида тўловни амалга оширади. Абитуриент my.uzbmb.uz тизими орқали хориждан туриб ҳам онлайн рўйхатдан ўтиши мумкин, бунда ўз шахсий кабинети орқали тест синовлари учун тўловни амалга ошириб, белгиланган санада, ўзи хоҳлаб кўрсатган манзилда тест синовларида иштирок этиш имконияти яратилади.

- Абитуриентлар аввал тест топшириб, кейин олий таълим муассасасини танласа, баъзи олий таълим муассасасига кўп, айримларига кам талаба қабул қилинмайдими? Бу масаланинг ечими қандай бўлади?

- Йўқ, аксинча, юқори балл тўплаган абитуриентлар олдинги йилларда ўтиш баллари юқори бўлган нуфузли ОТМларни танлов қилсалар, нисбатан пастроқ балли абитуриентлар ўзларининг танловдаги имкониятлари қараб танлов қилишади. Асосий мақсад билимли ёшларни олий таълим билан қамраб олишга қаратилган.

- Президент фармонида давлат буюртмаси параметрларини давлат олий таълим муассасалари кесимида тақсимлаш амалиёти бекор қилиниши айтилган. Бу нима дегани?

- Жорий йил қабулидан бошлаб, давлат буюртмаси параметрларини давлат олий таълим муассасалари кесимида тақсимлаш амалиёти бекор қилиниб, бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича кундузги таълим шаклида тасдиқлаш тартиби жорий этилади. Яъни, бундан буён давлат грантлари фалон олий таълим муассасаси учун берилмасдан, балки таълим йўналиши учун ажратилади. Аниқроқ қилиб айтганда, энг юқори балл тўплаган абитуриентлар қайси ОТМга танлов қилганидан қатъий назар грант асосида ўқишга киради. Ушбу тартиб бўйича эндиликда айрим ОТМларда биронта ҳам грантга кирган талаба бўлмаслиги мумкин.

- Шунингдек, фармонда давлат буюртмаси бўйича квоталар тақсимотида муҳандислик, тиббиёт, аниқ ва табиий фанлар билим соҳаларига устуворлик берилади, дейилган. Буни қандай тушунишимиз керак?

- Фармондаги давлат буюртмаси бўйича квоталар тақсимотида муҳандислик, тиббиёт, аниқ ва табиий фанлар билим соҳаларига устуворлик берилади, дейилиши давлат грантлари иқтисодиётимизнинг реал тармоқлари бўйича ҳар томонлама билимли кадрларга бўлган эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда юқоридаги билим соҳаларига ажратилиши назарда тутилган.

- Тест синовлари ёпиқ биноларда ўтказиладими ёки очиқ биноларда?

- Бу йилги тест синовларини ўтказиш бўйича вилоят ҳокимлиги томонидан ёпиқ павильонлар, спорт заллари режа-чизмалар тасдиқланган. Ҳозирда Самарқанд вилоятида катта сиғимли ёпиқ бинолар (Ш.Рашидов номидаги СамДУ академик лицейи спорт зали, Жисмоний маданият факультети спорт зали, Самарқанд спорт ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган спорт мактабининг 4 та спорт заллари, Самарқанд ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб интернати 3 та спорт заллари) ўтказиш режалаштирилган. Ҳозирда тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА суҳбатлашди.