Ахборот хизмати ходимлари бугунги талаб даражасида фаолият юритяптими?

Аввал хабар қилганимиздек, Самарқанд вилоят Матбуот уйида вилоят ҳокимлиги, ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида “Ахборот хизматлари фаолиятида видеоматериаллардан фойдаланиш тажрибаси ва босма нашрлар билан ҳамкорлик” мавзусида ўқув-семинар ўтказилди.

Тадбирда республикамизда давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг очиқлигини таъминлаш, медиа маконда мамлакатимизнинг имижини шакллантириш, ахборот кўламини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳамиятига урғу берилди.

Ўқув-семинарда маҳоратли журналистлар ва соҳа мутахассислари томонидан ахборот хизмати ходимининг оммавий ахборот воситалари вакиллари билан ҳамкорлиги самарадорлиги усуллари, видеоматериалларни тайёрлаш ва улардан фойдаланиш амалиёти мавзуларида маҳорат дарслари ташкил этилди. 

Тақдимотларда соҳага доир қонунчилик, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида ахборот ишининг ўзига хос жиҳатлари, ахборот хизматларининг асосий мақсад ва вазифалари, ижтимоий тармоқлар билан ишлаш кўникмаси, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда тарқалган воқеа-ҳодиса ёки хабарларга нисбатан муносабат билдириш ҳамда бошқа бир қатор муҳим масалаларга эътибор қаратилди.

- Ҳудудларда ахборот хизматларини ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш жараёнида соҳа вакилларининг малака ва салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, - дейди вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Манноб Ибодуллаев. - Айни пайтда барча туман ва шаҳарлар ҳокимликларида, 35 та давлат ва хўжалик бошқарув органларида ахборот хизматлари фаолияти йўлга қўйилган. Бугунги ўқув-семинарни ўтказилишидан мақсад ахборот хизмати ходимларини соҳадаги янгиликлар билан таништириш, бу борадаги билим ва кўникмаларини ошириш, аҳолига етказилаётган ҳар бир хабар, ахборотни таҳлил қилган, қиёслашлаган ва мавзуга чуқур ёндашган ҳолда етказишини таъминлашдан иборат.

Ўқув-семинар якунида 2019 йилнинг 11-12 декабрь кунлари аттестациядан ўтган давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарларига гувоҳнома топширилди.

Вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ахборот хизмати.