Исроил Қуролли Кучлари Ғазо шаҳрида қуруқлик амалиётини бошлади

Американ ОАВ маълумотларига кўра, Исроил мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) Ғазо шаҳрини тўлиқ назоратга олиш мақсадида қуруқлик амалиётини амалга оширмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, айрим туманларда Исроил ҳарбий техникалари, жумладан танклар киритилган. Амалиёт олдидан шаҳар кенг кўламли ҳаво ва артиллерия зарбаларига учради. Хабар қилинишича, ярим соат ичида 40 дан ортиқ зарба берилган, бу жараёнда ҳарбий самолётлар, вертолётлар ва учувчисиз қурилмалар қўлланилган.

Араб ОАВ тарқатган маълумотларга кўра, натижада 14 та турар-жой биноси, бир мактаб, масжид ва меҳмонхона вайрон қилинган. Шунингдек, шаҳарнинг энг баланд иншооти — «Ал-Ғафри» минораси ҳам йўқ қилинган.

Халқаро ташкилотлар Ғазода юзага келган вазият ва унинг инсонпарварлик оқибатларидан жиддий ташвиш билдираётгани қайд этилмоқда.