Айрим тўйхоналар талабга жавоб бермайди

Ўтказилган ўрганишлар давомида бу борада бир қатор камчиликлар борлиги аниқланди.

Жумладан, Қўшработ тумани Заркент маҳалласида жойлашган “Zarkent lochinlari” хусусий корхонасига қарашли ошхонада овқат тайёрлаш ва идишларни ювиш бир хонада ташкил қилинган.

Идишларни ювиш учун шароит яратилмаган, ювиш кетма-кетлигига риоя этилмаган. Бирламчи хом маҳсулотларни сақлаш, ишлов бериш хоналари алоҳида-алоҳида ташкил қилинмаган. Ишчилар тиббий кўрикдан ўтмаган, махсус кийимлар ташкил қилинмаган.

“Зармитан бунёдкори” хусусий корхонасига қарашли ошхонанинг овқат тайёрлаш хонаси деворлари моғорлаб кетган. Бу ерда ҳам овқат тайёрлаш ва идишларни ювиш бир хонада амалга оширилмоқда. Шунингдек, бошқа камчиликлар ҳам айнан такрорланган.

“Tovmurotov Maqsud Tovmurot o`g`li” корхонасига қарашли ошхонанинг овқатланиш залида кундалик тозалаш ишлари олиб борилмаган.

Жомбой тумани Наймантепа қишлоғида жойлашган “Абдирахмон ота” тўйхонасида овқат пишириш хонаси, идишлар ювиш хонасида шарт-шароит яратилмаган: тўхтовсиз оқиб турувчи иссиқ-совуқ сув тизими билан таъминланмаган. Идишларни ювиш учун ванна ўрнатилмаган. Тўйхонада ишлайдиган 7 кишидан 3 нафари тиббий кўрикдан ўтмаган.

Саричашма қишлоғидаги “Бурхон бобо”, “Тут” қишлоғидаги “Ҳамроқул бобо” тўйхоналарида ҳам аҳвол шундай.

Ширинкент қишлоғида жойлашган “Султонбек” тўйхонаси овқат пишириш хонаси санитария қоида ва меъёр талабларига жавоб бермайди, идиш-товоқлар ювиш хонасида иссиқ-совуқ сув тизими йўқ. Чалақўрғон қишлоғидаги “Дилором” тўйхонасида ҳам идишларни ювиш учун шарт-шароитлар яратилмаган, иссиқ-совуқ сув мавжуд эмас, идиш ювиш учун ванна ўрнатилмаган.

Каттақўрғон тумани Жарбоши қишлоғида жойлашган “Шоҳдостон” тўйхонасида чиқинди ташлаш майдончаси йўқ. Идишларни ювиш учун ванна ўрнатилмаган, иссиқ ва совуқ сув билан таъминланмаган, зарарсизлантирувчи воситалар захираси яратилмаган. Ишчиларнинг 2 нафари тиббий кўрикдан ўтмаган, улар санитария кийими билан таъминланмаган. Тоза ҳудуд билан шартнома қилинмаганлиги сабабли йиғилган чиқиндилар белгиланган жойга олиб чиқилмаган. Туман профилактик дезинфекция бўлими билан ҳам шартнома тузилмаган. Мавжуд ҳожатхона таъмирталаб аҳволда, деворлари гигиеник қопламалар билан қопланмаган.

Пахтачи тумани Добусқальа маҳалласида жойлашган “Шохсарой” тўйхонасида идиш товоқлар ювиш учун шароит яратилмаганлиги, ювувчи ва зарарсизлантирувчи воситалар захираси яратилмаганлигидан ташқари, тез бузилувчи маҳсулотларни сақлаш учун музлатгичлар ўрнатилмаган.

Урганжи маҳалласидаги “Норқувват ота”, Найман маҳалласидаги “Дийдор”, Гулшан маҳалласидаги “Висол”, Сарой маҳалласидаги “Шоҳжаҳон” тўйхоналарида ҳам шундай ҳолат кузатилган.

Нарпай тумани, Саловат маҳалласида жойлашган “Одилбек тўйлар маскани” тўйхонасининг 4 нафар ишчиси махсус иш кийими билан таъминланмаган, тиббий кўрикдан ўтмаган. Тўйхонага кириш қисмида ободонлаштириш, тозалаш ишлари олиб борилмаган.

Ю.САЛИМОВ,

Тўй ва маросимлар, оилавий тантаналар ўтказилишини назорат қилиш бўйича вилоят мувофиқлаштирувчи комиссияси штаби раҳбари.