АЙЁР ЭКАН, АЙЁР ЭКАН …

(қасида)

Дард туғилди, номи машҳур: тождор экан, тождор экан,
Ҳукми қатъий, шарти мажбур, бождор экан, бождор экан.

Тўнғиз йили, қиш юз очди, нохуш хабар заҳрин сочди,
Мусибатдан хаёл қочди, оҳ-зор экан,оҳ-зор экан.

Шов-шувлардан титрар замин, аҳли жаҳон бўлди амин,
Айтолмай халқ дилда ғамин бедор экан, бедор экан.

Миш-миш кўпчиб қанот қоқди, шов-шув дарё бўлиб оқди,
Элда ташвиш ўтин ёқди, айёр экан, айёр экан.

Ул кўринмас зарра дерлар, зиёни минг карра дерлар,
Синов –сўнгги марра, дерлар, озор экан, озор экан.

Айни авжга чиқди-я дард, ниқобда етти миллиард–
Синовдан ўтди аҳли мард, хор-хор экан, хор-хор экан.

Топилмади дардга даво, етишмади текин ҳаво,
Кўрдими ё тақдир раво, асрор экан, асрор экан.

Кўпирди иштонсиз ёлғон, қучоғ очди тўзғиб гумон,
Сўз айтолмай рост саргардон, ахбор экан, ахбор экан.

Таҳликада кунлар ўтди, мусибат ўзни унутди,
Тобутлар ҳам навбат кутди, мозор экан, мозор экан.

Ул бир дардки, ўпкага ўч, совуқликдан олади куч,
Ногоҳ унга ким келса дуч, абгор экан, абгор экан.

Қўлга тушса, муҳтож қилар, қисқа-қисқа йўталтирар,
Билдирмайин ичга кирар, мурдор экан, мурдор экан.

Бўшаштириб ётқизади, тандан кучни кеткизади,
Заҳрин пинҳон ютқизади, атвор экан, атвор экан.

Ўз ишини хўб билади, иштаҳани йўқ қилади,
Кўзларингни луқ қилади, қаҳҳор экан, қаҳҳор экан.

Сўнг иссиғинг оширади, тер бостириб тоширади,
Алаҳлатиб шоширади, душвор экан, душвор экан.

Ҳарорат қирқ, ғолиб йўтал, гўёки қўлида чўтал,
Эшик қоқиб турар ажал, гап бор экан, гап бор экан.

Ниқобни тақ, ёв–дарғазаб, қўлларни юв, юв, чўзма гап,
Ҳужумга шай, сал берсанг чап, тайёр экан, тайёр экан.

Ул мураккаб бир тилсимот, эрмиш вабога узоқ зот,
Дерлар: “ковид -19” от, маккор экан, маккор экан.

Йиллар айтсин, тарих гувоҳ, даво топмай қулми у шох,
Минглаб ўлиб кетган, эвоҳ, тезкор экан, тезкор экан.

Йўлиқмай деб балоларга, арз айладим боболарга –
Даво топган ваболарга, ошкор экан, ошкор экан.

Дарс ҳам олдим даҳолардан, Жолинусдай донолардан,
Улуғ Ибн Синолардан, даркор экан, даркор экан.

Бошланмайин ҳали эра, пайдо бўлган ул холера,
Қирғиндан дил ҳануз яра, ғаддор экан, ғаддор экан.

Вабодан минг йил илгари, беш кундан ошмайин нари,
Ўлиб кетган ёшу қари, ҳазор экан, ҳазор экан.

 

Ўлат санқиб, диллар хижил, дардга сира топмайин тил,
Қирилган эл, қирилган эл, такрор экан, такрор экан.

Тарқаб ногаҳон эбола, кўкка етган оҳу нола,
Бошга солган минг бир бало, беор экан, беор экан.

Ким бу дардни кашф айлаган, билинг, ўзни маҳф айлаган,
Дўзах ўтини танлаган хунхор экан, хунхор экан...

У “у”, деди, бу “бу”, деди, “деди-деди” ўзни еди,
Миш-миш эди, миш-миш эди, инкор экан, инкор экан.

Орадан ўн ой ҳам ўтди, шов-шув ер юзини тутди,
Минг-минг одам шаҳид кетди, бисёр экан, бисёр экан.

Саҳар хушхабар йўллади, сўнг матбуот ҳам қўллади,
АҚШда ҳам маъқуллади, изҳор экан, изҳор экан.

Каналларда бўлди эълон, эшитди-я аҳли жаҳон,
Яшнаб кетди Еру Осмон, иқрор экан, иқрор экан.

–Дардга даво топилди, а?
– –Топилди-я?
– –Топилди, ҳа!
Миш-миш оғзи ёпилди, ҳа, бозор экан, бозор экан.

Эъзозда дексаметазон, ремдесивир, ҳинди ўғлон,
Тилларда достон Ҳиндистон, виқор экан, виқор экан.

Оғир кунлар бўлди содир, хизматда не-не баҳодир,
Улуғ ишда Абдуқодир сардор экан, сардор экан.

Ҳақ истамай унмайди боғ, тикланмайди ҳайбатли тоғ,
Бўлмас шундай гўзал бир чоғ, нисор экан, нисор экан.

Кўкка узат қўлни, Исмат, тақдирда бор неки қисмат,
Шукр қил, бу буюк хизмат, мадор экан, мадор экан.


ЛУҒАТ ВА ИЗОҲЛАР

АСРОР (а.) – сирлар
АХБОР (а.) – хабарлар
БИСЁР (ф.) – кўп
ВИҚОР (а.) – улуғворлик
ДУШВОР (ф.) – қийин, оғир, мушкул
МУРДОР (ф.) – нопок, ҳаром
НИСОР (а.) – бағишлаш, сочиш
ХОР-ХОР (ф.) – тикан
ХУНХОР (ф.) – қонхўр
ҚАҲҲОР (а.) – қаҳр қилувчи, ғазаб қилувчи
ҒАДДОР (а.) – бераҳм, золим
ҲАЗОР(а.) – минг

Исмат САНАЕВ.