Бағрикенглик ва китоб: Самарқандда маърифий тадбирда миллатлар вакиллари бирлашди

Пушкин номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида 16 ноябрь — Халқаро бағрикенглик куни ҳамда “INFOLIB UZBEKISTAN-2025” ҳафталиги доирасида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Унда Дин ишлари бўйича қўмита вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамда вилоятда фаолият юритаётган миллий маданий марказлар, нодавлат-нотижорат ташкилотлар вакиллари, Ўзбекистон Журналистлар ва Ёзувчилар уюшмалари вилоят бўлимлари аъзолари, китобхонлар ва ижодкор ёшлар иштирок этди.

Дастлаб тадбирда юртимиздаги миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва динлараро ҳамжиҳатликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.

- Бутунжаҳон бағрикенглик куни юртимизда ҳам кенг нишонланади, — деди Дин ишлари бўйича қўмита вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Соҳибназар Боймуродов. - Вилоятимизда 11 та миллий маданий марказлар фаолият юритади. Умуман, туман-шаҳарларимизда барча миллат ва элат вакилларининг ўз миллий қадриятлари, урф-одатлари ва тилини сақлаб қолиши ҳамда ривожлантириши учун барча шароит яратилган.

Тадбир доирасида тожик тилида чоп этилган “Овози Самарқанд: аз дидаҳо, шунидаҳо” китоби тақдимоти ҳам ўтказилди.

- “INFOLIB UZBEKISTAN-2025” ҳафталиги доирасида марказимизда ҳар куни турли ёшдаги китобхонлар учун тематик ўқишлар, муаллифлар билан учрашувлар, китоб тақдимотлари, интерактив ўйинлар ва китобхонлик флешмоблари ташкил этилди, - дейди Пушкин номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази раҳбари Зебинисо Шодиева. - Ушбу китоб тақдимотини ҳам ана шу тадбирларимизнинг узвий давоми бўляпти, дейишимиз мумкин. Мақсадимиз – китоб мутолаасини ҳар бир хонадон, ҳар бир ёшнинг кундалик ҳаётига айлантиришдир. Қувонарлиси, ҳафта давомида китобхонлар сони ортди, айниқса ёшлар ўртасида замонавий адабиётга қизиқиш кучайди.

Маърифий тадбир якунида иштирокчилар “Яшил макон” умуммиллий ҳаракатига ўз ҳиссаларини қўшдилар. Самарқанд шаҳрининг Сиёб канали бўйида “Дўстлик боғи” ташкил этилди ва у ерга манзарали ҳамда мевали дарахт кўчатлари экилди. Ушбу рамзий тадбир турли миллат вакилларининг бирлиги ва ўзаро ҳурматини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.