Банкоматни ўмармоқчи бўлган шахслар қўлга олинди
Талончилар Самарқанд шаҳар Буюк Ипак Йўли кўчасида ўрнатилган АТ “Туронбанк” вилоят филиалига тегишли бўлган банкоматни ўмармоқчи бўлган.
Воқеа шу йилнинг 31 март куни тунги соат 03:00 лар атрофида қайд этилган.
3 нафар номаълум шахс юзларини тиббий ниқоб билан беркитган ҳолда давлат рақам белгиси бўлмаган қора рангли “Chevrolet Tracker" русумли автомашинада банкомат шохобчасига келиб, банкоматни электрдандан узган ва уни бузиб банкомат ичида бўлган 323 миллион сўм пулларни яширин равишда талон-торож қилмоқчи бўлган.
Уларнинг "бахтига" қарши шу вақтда банкоматнинг тармоқдан узилганлиги ҳақидаги сигнал ишга тушиб кетган. Натижада Самарқанд шаҳар Қўриқлаш бўлимига берилган огоҳлантирувчи чақирув асосида ходимлар воқеа жойига етиб келган. Хизмат автомашинасининг огоҳлантирувчи товушларини эшитган бу кимсалар ўғирлик жиноятини оҳирига етказа олмасдан, ҳодиса жойидан яширинган.
Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ходимларининг тезкор қидирув-суриштирув ишлари натижасида уларнинг уччови ҳам қўлга олинган.
Вилоят ИИБ хабарига кўра, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.