Қайси ҳолатларда банкомат хизмат кўрсатишдан тўхтаб қолади? Аномал совуқнинг банкоматларга таъсири борми? Марказий банк вилоят бошқармаси изоҳ берди
Бошқарма ахборот хизматига кўра, бунинг бир нечта сабаблари бор. Жумладан:
- Электр таъминотидаги узилиш;
- Интернет алоқасидаги узилиш;
- «Слип» (банк операцияси ҳақидаги ахборот)ни чиқарувчи қоғоз ўрамининг тугаб қолиши ҳамда ушбу қоғозларнинг банкомат ичида тўпланиб тиқилиб қолиши;
- Нақд пул захирасининг тугаб қолиши;
- Ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши (ишчи режими ҳарорати +5 дан +40 градусгача) оқибатида банкоматнинг эҳтиёт қисмлари (резина, ремент ва б.)нинг қотиб қолиши натижасида ишламаслигига олиб келади.
Хусусан, МБ вилоят бошқармасига кўра, бугунги кунда Самарқанддаги барча шаҳар-туман тижорат банк филиалари банк кассаларида ҳамда банк хизматлар марказларида (БХМ) ҳам пластик картадаги маблағларини нақдлаштириш мумкин.
“Шунингдек, электр таъминотидаги узилишлар сабабли банкоматлар ишламаётганлигига дуч келсангиз, банк иш куни давомида банк кассасида жойлашган терминаллар орқали шахсий пластик картангиздаги маблағларни нақдлаштириш учун банк филиалига мурожаат қилишингизни билдирамиз. Банк кассасидан пластик картадаги маблағни нақдлаштиришда муаммоларга дуч келсангиз Марказий банк Самарқанд вилояти бош бошқармасининг 66 231-03-10 ишонч телефон рақами ҳамда туну- кун режимида ишловчи +998 97 919-37-02 телеграм мессенжерига мурожаат қилишингизни сўраймиз”, дейилади хабарда.