Оқдарёда Халқ банкидан пулини нақдлаштирган пенсионердан 1 фоиз маблағ ушлаб қолингани ва банкоматдаги тартибсизлик бўйича муносабат билдирилди
“Ижтимоий тармоқларда “Оқдарё туман Халқ банкининг эгаси борми?” сарлавҳаси остида эътирозли пост эълон қилинди.
Унда Халқ банкининг Оқдарё филиалидаги банкоматда 70 ёшли пенсионернинг пенсия картасидаги пул нақдлаштирилганда 1 фоиз маблағ ушлаб қолингани, айниқса, банк ходимларининг мижозларга кўрсатаётган муносабати ва улар ўртасида юзага келган тартибсизликлар хусусида сўз юритилган”, дейилади Халқ банки ахборот хизмати хабарида.
Хабарга кўра, ҳолат бўйича ўрганиш олиб борилганда қуйидагилар аниқланган:
“Халқ банкининг Оқдарё филиали томонидан 5 январь кунида 5 667 та фуқарога 5,2 млрд. сўм маблағ банк картасига ўз вақтида кирим қилиб берилган. Шунга кўра, Оқдарё туманида яшовчи фуқаро Суннат Мустафоевга тегишли пенсия картасидаги пул банкомат орқали нақдлаштирилаётганда техник носозлик туфайли 1 фоиз маблағ ушлаб қолинган.
Айни вақтда ҳудудда мазкур ҳолат билан боғлиқ бўлган техник носозлик бартараф этилган бўлиб, мижоздан ушлаб қолинган маблағ ўз вақтида қайтарилди. Банкка тегишли банкоматлар эса нақд пул билан тўлиқ таъминланди. Бундан ташқари, вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашган ходимга нисбатан қатъий чора кўрилди”.
Маълумот учун: Халқ банки Оқдарё филиали банкоматидаги нуқсонлар бўйича “Оқдарё овози” газетасида ёзилган эди.