Барча мактабларда "Шахмат синфлари" очилади
Барча мактабларда “Шахмат синфлари” очилади. Бу ҳақда АОКАдаги брифингда Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов маълум қилди.
– Жорий йилда спорт мусобақалари сонини ошириш мақсадида давлат бюджетидан 100 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилади. Ҳозирда спорт билан доимий шуғулланиш кўрсаткичи 19 фоиз бўлиб, 2021 йил якунигача бу кўрсаткич 25 фоизга етказилади, - дейди Азиз Абдуҳакимов.
Брифингда турли ёшдаги ёшларни қамраб оладиган футбол бўйича “Чарм тўп” Бош вазир кубоги ўтказилиши ҳамда келгуси йилда 916 километр масофалик “Саломатлик йўлаклари” барпо этилиши ҳам таъкидланди.
Бундан ташқари, маҳаллаларда 500 га яқин стритбол, 355 та бадминтон ва қўшимча равишда 420 та мини футбол майдонлари, 350 кўчада воркаут майдончаси қурилиши ҳақида маълумот берилди.
– Шунингдек, 70 та жисмоний тарбия ва спорт муассасаси, 16 мингга яқин боғча ва 10 мингта мактаб жами 120 миллиард сўмлик бирламчи спорт жиҳозлари билан таъминланади, - дейди Бош вазир ўринбосари.