Байдарка ва каноэда эшкак эшиш: Жаҳон чемпионатининг дастлабки ғолиб ва совриндорлари аниқланди
Самарқандда ўтказилаётган байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича жаҳон чемпионатининг илк финал беллашувлари якунланди.
Иштирокчилар тўрт дастурда 1000 ва 500 метр масофаларда пойгаларда қатнашди.
С1 дастурида аёллар ўртасида 1000 метр масофага ўтказилган яккалик баҳсида Халқаро каноэ федерацияси (ICF) байроғи остида ҳаракат қилган Алена Наздрова маррага биринчи бўлиб етиб келган бўлса, К1 дастурида венгриялик эшкак эшувчи Эмесе Коҳалмига тенг келадигани топилмади.
С2 дастурида эркаклар ўртасидаги жуфтлик беллашувида Закҳар Петров ва Иван Дмитриев, К2 дастурида Микита Борйкау ва Алеҳ Юрениа жуфтлигига тенг келадигани топилмади. Айтиш жоизки, ушбу спортчилар ҳам Халқаро каноэ федерацияси (ICF) байроғи шарафини ҳимоя қилди.
К2 дастурида эркак ва аёллар жуфтлиги иштирок этган мусобақада 500 метр масофани биринчи бўлиб португалиялик спортчилар Тереса Портела ҳамда Мессиас Баптиста босиб ўтди.
Ғолибларга медаль ва эсдалик совғалари топширилди.
Жаҳон чемпионати эртага, 25 август куни якунланади ва мусобақанинг сўнгги финал баҳсларида эшкак эшувчилар 200, 500 метр ҳамда 5 километр масофаларда маҳоратини кўрсатади.