Маънавиятли жамиятда адолат устун бўлади

Маънавият — бу инсоннинг ички дунёси, унинг ахлоқи, одоби, фикрлаши ва ҳаётга бўлган муносабати. Инсоннинг кимлиги, қандай яшаши ва жамиятда қандай ўрин эгаллаши, аввало, унинг маънавиятига боғлиқ. Бойлик, мансаб ёки ташқи кўриниш вақтинчалик бўлиши мумкин, аммо маънавият инсон билан доим бирга.

У инсонни яхшиликка ундайди, ёмонликдан қайтаради. Маънавий етук инсон ҳалол меҳнат қилади, ёлғон гапирмайди, бошқаларнинг ҳақ-ҳуқуқини ҳурмат қилади, сўзида туради, муҳими, ҳар бир ишни виждон билан бажаради.

Бундай фазилатларнинг шаклланишида эса шубҳасиз, оиланинг муҳим ўрни бор. Чунки бола илк тарбияни оилада олади. Ота-онанинг муомаласи, гап-сўзи, хулқи фарзанднинг келажакдаги феъл-атворига катта таъсир кўрсатади. Агар оилада ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳалоллик устувор бўлса, бола ҳам шу руҳда вояга етади.

Ундан кейин мактабгача таълим ташкилоти ва мактаб маънавиятни ривожлантирувчи асосий масканлардан бири ҳисобланади. Устозлар нафақат билим беради, балки ўқувчиларга одоб-ахлоқ, ватанпарварлик, интизом ва масъулиятни ҳам ўргатади. Дарс жараёнлари, тарбиявий соатлар, маънавий-маърифий тадбирлар ўқувчиларнинг дунёқарашини кенгайтиради.

Китоб ўқишга бўлган қизиқиш ҳам маънавиятни янада бойитади. Аждодларимиздан мерос бўлиб қолган урф-одатлар, анъаналар, буюк алломаларимизнинг асарлари биз учун маънавий хазинадир. Зеро, мутафаккирларимиз ўз асарларида инсонийлик, илм ва одобни улуғлаган.

Бугунги глобаллашган даврда ёшларимиз онгини турли ёт ғоялар эгаллаши хавфи юқори. Шунинг учун маънавиятни мустаҳкамлаш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир. Тўғри тарбия, соғлом муҳит ва маънавий билимлар ёшларни бу каби зарарли таъсирлардан ҳимоя қилади.

Маънавиятли жамиятда одамлар бир-бирига меҳрибон бўлади, қонун ва қоидаларга амал қилади, адолат ва тинчлик устувор бўлади. Чунки маънавият иқтисодий ва ижтимоий ривожланишнинг мустаҳкам пойдевори.

Хулоса қилиб айтганда, маънавият инсон қалбининг бойлиги, жамиятнинг таянчи ва келажак авлод тарбияси асоси.

Ўткир ТИРКАШЕВ,

Оқдарё туманидаги 15-умумий ўрта таълим мактаби директорининг маънавий-марифий ишлар бўйича ўринбосари.