Байроғимиз – маънавият ва ғуруримиз тимсоли
Бир куни ижтимоий тармоқларда бир манзарага кўзим тушди...
Халқаро мусобақада ғолибликни қўлга киритган самарқандлик ёш спортчи қиз шарафига Давлат байроғимиз баланд кўтарилаётган эди. У эса бир нуқтага қадалган нигоҳлари билан ҳилпираётган байроғимиздан кўз узмас, кўзларидан сизиб чиққан ёш томчилари юзи бўйлаб оқарди. Бу ёшларда қувонч ҳам, ҳаяжон ҳам, йиллар давомида қилинган меҳнат самараси, энг муҳими, Ватан шарафини улуғлаш бахти мужассам эди.
Ўша лаҳзаларда бир ҳақиқатни яна бир бор англайсан: байроқ шунчаки мато эмас. У – юрт шаъни, халқ ғурури, мустақиллик ифодаси, миллионлаб инсонларни бирлаштирувчи муқаддас тимсол. Унинг халқаро майдонларда баланд кўтарилиши эса ҳар бир юртдошимиз қалбида фахр ва ифтихор туйғуларини уйғотади.
Ҳар йили 18 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кунни нишонлаймиз. 1991 йилнинг шу санасида «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги Қонун қабул қилинган. Бу тарихий сана нафақат миллий давлатчилигимиз тарихидаги муҳим воқеа, балки мустақилликнинг қадри, миллий ўзлигимиз ва Ватанга дахлдорлик туйғусини яна бир бор англаш имкониятидир.
Байроғимизга назар ташлаганимизда, унда халқимизнинг орзу-интилишлари, тинч ва осуда ҳаётга бўлган эзгу ниятлари, ёруғ келажакка ишончи мужассам эканини ҳис этамиз. Ундаги мовий, оқ ва яшил ранглар, қизил чизиқлар, ярим ой ва юлдузлар ўзига хос рамзий маъноларни ифода этади. Бу ранглар ва белгилар қалбимизда Ватанга муҳаббат, поклик, эзгулик ва янгиланиш туйғуларини уйғотади.
Бироқ давлат рамзига ҳурмат фақат байрамларда байроқ кўтариш, унинг олдида таъзим қилиш ёки тантанали маросимларда иштирок этиш билан чекланмайди. Ҳақиқий ҳурмат, аввало, унинг шаънига муносиб яшашда намоён бўлади. Юрт тинчлигини асраш, ҳалол меҳнат қилиш, ўз вазифасига масъулият билан ёндашиш, қонунларга ҳурмат билан қараш ва мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш ҳам Ватанга садоқатнинг ёрқин ифодасидир.
Бугун спортчиларимиз, санъаткорларимиз, олимларимиз ва турли соҳаларда фаолият юритаётган юртдошларимизнинг халқаро майдонларда эришаётган ютуқлари орқали байроғимизнинг янада баланд кўтарилаётганига гувоҳ бўляпмиз. Айниқса, ғолиблик шоҳсупасида турган спортчимиз нигоҳларини байроғимизга тиккан, мадҳиямиз янграган онларда кўзларига ёш олган лаҳзалар ҳар қандай инсонни бефарқ қолдирмайди. Чунки бу ғалаба ортида нафақат бир спортчининг ютуғи, балки бутун бир халқнинг қувончи, юртдошларининг дуоси ва Ватан шаънини улуғлаш истаги мужассам.
Бундай муваффақиятлар ёш авлод учун катта ибрат мактабидир. Улар ҳар қандай ютуқ ортида машаққатли меҳнат, сабр-тоқат, интизом ва қатъият турганини англайдилар. Энг муҳими, ўз иқтидори, билими ва меҳнати билан юрт номини дунёга танитиш мумкинлигини ҳис этадилар. Демак, байроғимиз нафақат мамлакатимизнинг халқаро майдондаги тимсоли, балки ёшларни эзгу мақсадлар сари руҳлантирувчи маънавий куч ҳамдир.
Юртимизда, хусусан, вилоятимиздаги таълим муассасалари, кутубхоналар, маҳаллалар ва маданият масканларида ташкил этилаётган маънавий-маърифий тадбирлар ҳам давлат рамзларига ҳурмат туйғусини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бундай учрашувларда ёшларга байроғимизнинг тарихи ва рамзий маъноси тушунтирилиши билан бирга, унинг шаънига муносиб бўлиш, юрт обрўсини асраш, жамият ҳаётида фаол иштирок этиш каби эзгу тушунчалар сингдирилади.
Давлат рамзларига ҳурмат оиладан, таълим муассасасидан, маҳалладан бошланади. Боланинг қалбида Ватанга муҳаббат, миллий ғурур ва дахлдорлик туйғуларини шакллантиришда катталарнинг шахсий намунаси муҳим ўрин тутади. Зеро, байроғимизнинг ҳақиқий қадри унинг баланд ҳилпирашидагина эмас, балки халқимиз қалбида уйғотадиган бирдамлик, миллий ғурур ва Ватанга садоқат туйғуларидадир. Уни ардоқлаш эса ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.
Аброр Шахласов,
Маънавият ва маърифат маркази Самарқанд вилояти бўлими бош мутахассиси.