Бекатларда автобусларнинг келиб-кетиш жадвали илинмаган

Вилоятда, хусусан, Самарқанд шаҳрида жамоат транспорти хизматини яхшилаш учун амалга оширилаётган ишлардан кўз юма олмаймиз. Йўлларни яхшилаш баробарида замонавий автобуслар келтирилиб, қулай маршрутлар яратилганлиги аҳолига манзур бўлаётир. Албатта, бу эзгу иш ҳали давом этади.

Мен бекатлар хусусида тўхталмоқчиман. Тўғри, уларнинг жойлашиши, кўриниши ҳам ўзгарди. Замонавий автобусларга мос бекатлар пайдо бўляпти. Жамоат транспорти масалалари муҳокама этилаётганда албатта бу масала ҳам диққат-эътиборда бўлаётир. Лекин ҳозирги пайтда автобекатлар тарғиботчи ролини ўташи керак, деган фикрдаман.

Масалан, бугун автобекатлар турли рекламалар билан «безатилган». Уларда ҳали автобусларнинг келиб-кетиш жадвали қўйилмаган. Янгилари харид қилинаётганлиги учун қатнов жадвалида ўзгаришлар бўлиши мумкин. Бироқ ҳар бир бекатда қайси автобуснинг тўхташи ҳақида маълумотлар ёзилиши шарт. Бекат деворларига эса бу ердан ўтувчи автобуслар маршрути қўйилса, ундан ҳам яхши. Чунки меҳмонлар ўз ҳаракат манзилини аниқлаб, ундан кейин белгиланган автобусга чиқишади.

Фозил АБДУРАУПОВ.