Бельгияда қатъий карантин чекловлари қайта жорий этилди
Коронавирус инфекцияси билан зарарланганлар сонининг мунтазам ошиб бораётганлиги сабабли, Бельгия ҳукумати қатъий чеклов чораларини жорий этишга қарор қилди. Бу ҳақда мамлакат Бош вазири Александр де Кроо маълум қилди.
Янги чора-тадбирлар доирасида бир ҳафтага ёки 16 ноябрга қадар (вазиятга қараб) мактаб ўқувчилари таътили узайтирилади. Барча ҳаётий зарур эмас дўконлар (озиқ-овқат ва супермаркетлар бундан мустасно), сартарошхоналар ва бошқа хизмат кўрсатиш объектлари ёпилади. Бундан ташқари, меҳмон кутиш ва меҳмонга бориш ҳам тақиқланади, ишхоналар масофавий ишлаш тизимига ўтказилади.
Кроо мамлакатнинг кўплаб касалхоналарида беморларни қабул қилишнинг имкони қолмаётганини, жойлар етишмаётганини таъкидлади.
“Вирус тарқалишини иложи борича чеклаш ва бу занжирни шу йўл орқали узишдан бошқа чорамиз йўқ”, деди у.
Шунингдек, у бу жуда оғриқли чора эканини, бироқ ҳисоб-китоб ва фактларга асосланганини қўшимча қилди.