Бельгиялик бизнесменлар Оқдарёдаги лойиҳага сармоя киритди

Оқдарё туманида “EVRO tbm” МЧЖ шаклидаги қўшма корхонанинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Темир-бетон маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи бу корхонага 6,8 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий сармоя киритилган. Ҳозир бу ерда 40 нафар фуқаро меҳнат қилмоқда.

— Бундан тўрт йил олдин Ўзбекистонга сармоя киритиш учун иқтисодий тадқиқотлар олиб борган эдик, - дейди бельгиялик сармоядор Филип Госсент. – Жаҳондаги мураккаб вазиятга қарамай Ўзбекистон иқтисодиётида ўсиш кузатилаётгани эътиборимизни тортди. Тошкент вилоятида электромобиль ишлаб чиқарувчи завод қурдик. Бу иккинчи лойиҳамиз ҳисобланади.

Халқаро доирада ташкил этилган тадбирда Бельгия, Франция ва Бирлашган Араб Амирлигидан келган сармоядорлар, туман мутасаддилари ҳамда пудратчи ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Унда сўзга чиққан вилоят ҳокимининг маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси Нозир Ибрагимов, Оқдарё тумани ҳокими Шерзод Қудратов ва бошқалар вилоятимиз, хусусан, Оқдарё туманининг инвестицион салоҳияти, хорижий сармоядорлар учун берилаётган имконият ва кафолатлар ҳақида гапирди. Ўзаро ҳамкорликни кучайтириш истиқболлари юзасидан фикрлар билдирилди.

Тадбир доирасида “EVRO tbm” корхонасига Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази Самарқанд филиали сифат менежменти тизимлари сертификатлаштириш идораси томонидан ISO 9001:2015 сифат менежмент тизими сертификати ҳам топширилди.

— Мазкур сертификат корхонага халқаро бозорга чиқиш ҳамда экспортёрга айланиш имконини беради, - дейди Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази Самарқанд филиали сифат менежменти тизимлари сертификатлаштириш идораси раҳбари Фарида Шокирова. – Ўтган вақтда корхонанинг масъул ходимлари ташкилотимиз томонидан ташкил этилган махсус ўқув курсларида ўқиб, менежмент соҳасида билим ва тажрибаларини оширишди. Бу уларнинг халқаро иқтисодий алоқаларни йўлга қўйиш йўлидаги муҳим қадами ҳисобланади. Айни кунда вилоятимиздаги 40 та қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхонанинг шундай сифат сертификатлари бор.