Беморга ёрдам бермоқчи бўлган ҳамшира унинг бувиси томонидан калтакланди
Ижтимоий тармоқларда тарқалган аёл кишининг ҳамширани дўппослагани акс этган видеохабар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан атрофлича ўрганилиб, қўйидагилар маълум қилинди.
2020 йил 5 январь куни соат 19.00 атрофида Сурхондарё вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг қабул бўлимига 2017 йил туғилган бемор Ф.М.нинг тана ҳарорати юқори эканидан шикоят қилиб, амакиси ҳамда бувиси томонидан мурожаат қилинади.
Қабул бўлими ҳамшираси С.Б. биринчи ёрдам кўрсатиш мақсадида беморнинг тана ҳароратини ўлчайди. Тана ҳарорати юқори эканини аниқлаган ҳамшира ҳароратни тушириш мақсадида парацетамол шамчасини қўйиш учун беморни муолажа хонасига олиб киришни кўрсатади. Шунда тўсатдан беморнинг бувиси сабабсиз ҳамширанинг шахсиятига тегадиган ҳақорат сўзлар билан бақириб, уни калтаклайди.
Шунга қарамай, қабул бўлимида навбатчи шифокор А.Н. томонидан бемор Ф.М.га биринчи ёрдам кўрсатилган ва “Ўткир респиратор касаллиги” ташхиси билан стационар даволанишга ётқизилган.
Боланинг амакиси, бувиси ва қариндошлари томонидан калтаклаган ҳамшира С.Б. “бош мия чайқалиши, чап чакка соҳаси юмшоқ тўқималарининг эзилиши” ташхиси билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиали травматология бўлимига ётқизилган. Беморнинг аҳволи тажрибали шифокорлар томонидан назоратга олинган бўлиб, малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Ушбу ҳолат юзасидан вилоят ички ишлар бошқармаси ва вилоят прокуратурасига мурожаат қилинган. Мазкур вазият Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан назоратга олинган.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, сўнгги пайтларда беморларнинг қариндошлари томонидан тиббиёт ходимларига тажовуз қилиш ҳолатлари кўп кузатилаётгани, айниқса, бу ҳолатга хотин-қизларимизнинг ҳам аралашаётгани ачинарли ҳолдир.
– Биз бу касбни калтакланиш, хўрланиш учун танламаганмиз, – дейди калтакланган ҳамширанинг турмуш ўртоғи, тиббиёт ходими Холмўмин Эшдавлатов. – Бу воқеа оиламизга, тўрт нафар фарзандимизнинг руҳиятига қаттиқ таъсир қилди. Шифокорларга нисбатан қилинаётган тажовузлар қачонгача давом этиши мумкин? Ўз хизмат вазифасини туну кун бажараётган тиббиёт ходимининг хавфсизлиги қачон таъминланади? Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан турмуш ўртоғимга қўл кўтарганларга нисбатан кескин жазо чораларини кўришларини талаб қиламан.
Дарҳақиқат, тиббиёт ходимларини ҳимоялаш борасида қонунчиликни кучайтириш, жамоатчилик назоратини кенгайтириш, аҳолида тиббий хизматдан фойдаланиш ва шифокорларга нисбатан муомала маданиятини оширишга жиддий эътибор қаратишни даврнинг ўзи талаб қилмоқда.