Беруний АЛИМОВ: Миллий ахборот маконида "одамларни ким кўпроқ қўрқитиш" мусобақаси бошланди
Ахборот босимини бас қилинг!
Индинга 4 ой бўлади.
Шов-шувли янгиликлар, ваҳимали хабарлар, узуқ-юлуқ аудио-видеолар...
Энг дангаса журналист ҳам, ўзидан блогер ясаганлар ҳам анча қимирлаб қолди.
Бу гаплар кимгадир тегиб кетса, олдиндан узр сўраган ҳолда, инфодемиядан кўнгли айнаётган оддий бемор, ахборот истеъмолчиси сифатида айрим фикрларни ёзишга мажбур бўлдим.
1. Ўтган даврда узоқ-яқин танишлардан қарийб 70 нафари муаллифлик телеграм каналини очди. Ваҳоланки, у ердаги 80-90 фоиз ахборот қаердандир кўчирилиб, "copy/paste" қилиняпти. Тушунинг, ахборотни шунчаки "поделиться", яъни ретрансляция қилиш - журналистнинг ҳам, блогернинг ҳам вазифаси эмас.
2. Сиз узатаётган хабарни мен камида 3-5 кун олдин ишончлироқ, нуфузлироқ манбадан ўқиб бўлган бўламан.
3. Унинг устига телеграмдаги 2-3 та каналингиз, ундан ташқари телеграмда сиз билан бирга аъзо бўлган 7-8 та умумий гуруҳимиз, ФБдаги ўз саҳифангиз ва яна у ерда биз сиз билан бирга гуруҳдош бўлган 8-10 та жойда ҳар дақиқада сизнинг 1 тийинга қиммат информациянгизни такрор-такрор ўқишга мажбур эмасмиз.
4. Келинг, яхшиси, ҳоббини йиғиштириб, профессионал 1-2 та платформани танланг. Вазмин бўлинг. Сизни керак бўлса ўша ерга кириб ўқиб оламиз.
5. Инфодемияга чек қўйинг. Сизсиз ҳам ахборот майдони ах..тга тўлиб ётибди.
6. Биламан, яхшигина ижодкорсиз, эл дарди билан яшаяпсиз. Лекин ҳозирги синовли пайтда ҳамма жойдан "ажи-куку" қилиб чиқиб туришингиз шарт эмас.
7. Биламан, сиз яхши дўст ҳамсиз. Лекин мен умуман истамаган, сизни соғинмаган пайтда вақтимни олишингизга қаршиман. Чунки худо томонидан берилган тегишли вақт - меники, бировники эмас. Бу билан сиз худди кутилмаганда кўришиб қолиб, 2 соат сўрашадиган ёки чўлпиллатиб ўпишадиган одамга ўхшайсиз.
8. Кунига қанча инсон касалликка чалингани-ю, қанчаси ўлаётганининг ҳисоботини бериб бориш ҳам сизнинг вазифангиз эмас.
9. Тушунишга ҳаракат қилинг. Ортиқча информация одамни стрессга бошлайди. Стресс эса иммунитетни туширади ва худо кўрсатмасин, ҳар қандай вирусни осонгина юқтириш эҳтимолини юзага келтиради.
10. Сиз қўяётган постга ёки расмга алоқам бўлмаса, мени тег қилманг. Фойдаси йўқ. Мабодо ҳамкорликда бир ишни қойиллатсак, ўзим қўярман.