“Беш ташаббус олимпиадаси”: Пахтачилик ёшлар вилоятда етакчи, республикада умумжамоа ҳисобида 8-ўриндамиз
Жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва истеъдодли ёшларни кашф қилиш мақсадида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида турли йўналишларда танлов ва мусобақалар бўлиб ўтмоқда.
Жумладан, маданият ва санъат йўналишида “Бўзатов ёшлар овози” ва “Ёш мусаввир”, спорт йўналишида енгил атлетика, стол тенниси, workout, мини футбол, футбол, армрестлинг, волейбол, стритбол, кураш, шашка, шахмат, гимнастрада ва “Беш ташаббус паралимпиадаси” ўтказилмоқда.
Шунингдек, компьютер технологиялари ва IT йўналишида киберспорт, китобхонлик ва интеллектуал ўйинлар йўналишида “Ёш китобхон”, “Ёш китобхон оила”, “Мушоира”, “Заковат”, “Ибрат” чет тиллари, касблар танлови йўналишида новвойлик, ёш қурувчи, дизайнерлик, электромонтаж устаси ва пайванд устаси каби танлов ва спорт мусобақалари ташкил этиляпти.
Ҳозирги кунга қадар мусобақанинг тўртинчи вилоят босқичида 16 та туман (шаҳар) ёшлари 65 та олтин, 65 та кумуш, 67 та бронза, жами 204 та медални қўлга киритган. Туманлар кесимида пахтачилик ёшлар 28 та медаль билан бу йил ҳам вилоятда етакчилик қилмоқда. Айтиш жоизки, туман ёшлари ўтган йилги мусобақаларда 208 та туман (шаҳар) орасида энг яхши натижа қайд этиб, республикада биринчи ўринни эгаллаган эди. Тумандаги 7 та маҳалла ёшлари мусобақаларнинг республика босқичида 6 та олтин ва 2 та кумуш медаль билан 22 балл тўплаган.
“Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида бугунги кунга қадар спортнинг енгил атлетика, стол тенниси, шашка, воркаут, футбол, мини футбол турлари ҳамда имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган ёшлар ўртасида бўлиб ўтган А, Б, С лигаларнинг республика мусобақаларида вилоятимиз жамоалари 4 та олтин, 4 та кумуш ва 9 та бронза, жами 16 та медални қўлга киритди. Бу кўрсаткич бўйича ҳозирча вилоят ёшлари республикда саккизинчи ўринда бормоқда, бу борада Пахтачи тумани спортчилари вилоятимизда пешқадам. Мусобақаларнинг финал беллашувлари давом этяпти.